Сув хўжалиги соҳаси замонавий ёндашувларни талаб қилади. Шу боис, ҳудудий сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари учун малака ошириш курслари муҳим аҳамиятга эга.
Пойтахтимизда ташкил этилган навбатдаги ўқув машғулотлари иштирокчиларга назарий билимларни мустаҳкамлаш, замонавий технологиялар ва самарали бошқарув усуллари билан яқиндан танишиш ҳамда касбий кўникмаларини ривожлантириш имкониятини берди.

Тадбир давомида тингловчилар назарий машғулотларда фаол иштирок этиб, амалиётга оид билимларини ҳам мустаҳкамлади. Пойтахтимиздаги “TEXNOPARK” МЧЖнинг импорт ўрнини босувчи кенг ассортиментдаги саноат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва маиший техника воситаларини кўздан кечирди.
Мазкур амалий машғулотларда иштирок этган сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ҳар бир ходимнинг мунтазам билим ва кўникмага эга бўлиши, изланиши ва ўрганиши мамлакатимизда сув ресурсларини самарали бошқариш ҳамда соҳада илғор технологиялардан кенг фойдаланиш учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Шунингдек, иштирокчилар “Ўзмахсуссувтаъмиртаъминот” ва “Сувмаш” АЖлари фаолиятини ўрганди. Унда мутахассислар қайд этганидек, “Ўзмахсуссувтаъмиртаъминот” АЖ мамлакатимиздаги электр двигателлар, генераторлар ва насос ускуналари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан ҳисобланади. Корхона фаолияти лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашдан тортиб, етказиб бериш, монтаж қилиш ва объектни ишга туширишгача бўлган барча босқичларни қамраб олади.
“Сувмаш” АЖ саноатнинг турли йўналишлари учун юқори сифатли насос ускуналари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ушбу корхоналарга ташриф тингловчилар учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлди.
Тадбир якунида барча тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА