Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025-2028 йилларга мўлжалланган дастурини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025-2028 йилларга мўлжалланган дастурини амалга оширишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Улар қуйидагилардан иборат:
а) ирригация тармоқларининг 2 551 км қисмини реконструкция қилиш, ушбу мақсадлар учун ҳар йили Давлат бюджетидан камида 1,3 трлн сўм ажратиш ва халқаро молия институтлари маблағларидан 300 млн АҚШ долларини ўзлаштириш;
б) Сув хўжалиги вазирлиги балансидаги насос станцияларининг эскирган 562 та насос ва 578 та электр двигателини замонавий энергия тежамкорларига алмаштириш, уларнинг йиллик электр энергияси сарфини 6,8 млрд кВт/соатдан 6,2 млрд кВт/соатгача камайтириш;
в) сув таъминоти даражаси паст бўлган суғориладиган майдонлар ҳажмини 424 минг гектардан 276 минг гектаргача қисқартириш;
г) 2025 йилда тажриба тариқасида Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги 15 та насос станциясида муқобил энергия манбалари ҳамда энергия тежамкор қурилмаларни ўрнатиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш;
д) сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар ҳажмини 2,1 миллион гектардан 3,5 миллион гектарга, шундан томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган майдонлар ҳажмини 560 минг гектардан 853 минг гектарга етказиш;
ж) шўрланган майдонлар ҳажмини 1 898 минг гектардан 1 732 минг гектарга, шу жумладан, ўртача ва кучли даражада шўрланган майдонлар ҳажмини 578 минг гектардан 460 минг гектарга қисқартириш;
з) сизот сувлари сатҳи муаммоли ҳолатда (0-2 метр) бўлган суғориладиган ер майдонлари ҳажмини 893 минг гектардан 775 минг гектарга қисқартириш;
и) ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш орқали қишлоқ хужалигида фойдаланишдан чиққан жами 67 минг гектар суғориладиган ер майдонини қайта фойдаланишга киритиш.
Қарорга кўра алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларида сувнинг ягона онлайн ҳисобини юритиш тизими жорий этилади.
2025-2026 йилларда Давлат чегарасида олинаётган сув миқдорини реал вақт режимида кузатиш имкониятини яратувчи камида 300 та рақамли сув ўлчаш қурилмаси ўрнатилади ҳамда марказлашган маълумотлар базасига интеграция қилинади.
12 080 та мелиоратив кузатув қудуғида рақамли технологиялар асосида сув сарфи ҳисоби мониторинги йўлга қўйилади ва тизимдаги 1750 та насос агрегатининг сув сарфи ҳисоби онлайн режимда мониторинг қилиб борилади. 12 та йирик сув хўжалиги объекти рақамли технологиялар асосида автоматлаштирилган бошқарувга ўтказилади.
ЎзА