Мамлакатимизда сув ва сувни бошқариш масаласи мамлакатнинг иқтисодий ва экологик барқарорлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Сув ресурсларини самарали бошқариш орқали деҳқончилик, саноат ва ичимлик суви таъминоти муаммолари самарали ҳал этилади.
Сувнинг ҳисоб-китобини аниқ юритиш, шаффоф тақсимлаш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва оқилона фойдаланиш зарур. Шу билан бирга, аҳоли томонидан ва иқтисодиёт корхоналарида сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш маданиятини шакллантириш ҳам бугунги кун талабидир.
Сув хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси Лазиз Бобоқулов бу жараёнда кадрлар салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари ҳам самарали амалга оширилаётганини таъкидлади:
– Сув хўжалиги соҳасида гидрометрлар сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ва сув ўлчаш каби ишларни олиб боради. Бугунги кунда вазирлик тизимидаги ташкилотларда 1 минг 553 нафар гидрометр меҳнат қилади, шундан 307 нафари бош ва муҳандис гидрометр, 1 минг 251 нафари техник гидрометр лавозимида фаолият юритади. Республика бўйича 23 минг 921 дона гидропост ва 1 минг 116 дона сув ўлчаш воситаси мавжуд.
Жорий йилнинг 9 ойида 15 минг 350 та гидропост таъмирланди, 5 минг 930 тасининг паспорти янгиланди, 8 минг 450 тасининг аттестация ҳужжатлари намунавий шаклда расмийлаштирилди. Йил бошидан буён сув хўжалиги ташкилотлари томонидан 35 та сув ўлчаш воситаси, 4 940 та рейка ва 136 та штанга сотиб олинди. Республика бўйича тасдиқланган режага асосан жами 529 та вертушка қиёслаш ва тарировка кўригидан ўтказилган.
Вазирлик томонидан ўқув-семинарлар, тренинглар ташкил қилиниб, гидрометр мутахассисларнинг малакаси ошириб келинмоқда. Шу кунларда гидрометрлар учун навбатдаги ўқув-семинари ўтказилмоқда. Машғулотлар Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги Сувчилар мактабларида бўлиб ўтаяпти ва барча ҳудудлардаги гидрометрларни қамраб олган.
Семинарнинг дастлабки кунида иштирокчиларга назарий билимлар берилди. Бугун тадбирнинг иккинчи кунида гидрометрларга турли сув ўлчаш воситаларини ишлатиш, очиқ ҳавзаларда сувнинг ҳисобини юритиш батафсил тушунтирилди. Уч кунлик машғулотлар якунида иштирокчиларга сертификатлар тақдим этилади.
Хулоса қилиб айтганда, сув ресурсларини самарали бошқариш ва гидрометр кадрларини ривожлантириш чора-тадбирлари мамлакатда сувдан оқилона фойдаланиш ва унинг барқарорлигини таъминлашда муҳим қадамдир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.