English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув ресурсларидан самарали фойдаланишнинг замонавий ечимлари
11:18 / 2025-11-20

Сув – ҳаёт манбаи ва унинг оқилона бошқарилиши замон талабига айланган. Сўнгги йилларда дунёдаги сув танқислиги тобора сезиларли даражада ортмоқда ва бу масала Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга келиб Сирдарё ҳавзасида сув захираси 5 фоизга, Амударё ҳавзасида эса 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. Шу билан бирга, аҳоли ўсиши ҳисобига сувга бўлган талаб 2030 йилга бориб 7 миллиард куб метрга етиши, 2050 йилда эса қарийб икки баробар кўпайиши мумкин.

Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиқиб, мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш тизими сўнгги йилларда тубдан ислоҳ қилинмоқда. Асосий йўналиш – сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашдир. Бу жараён 2023 йил 1 апрелда Президентимизнинг “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ҳам амалга оширилмоқда. Қарор сув тежайдиган технологияларни жорий этиш, фермер ва деҳқонларни рағбатлантириш, суғориладиган майдонларни модернизация қилиш ва бозор механизмларини кенг татбиқ этиш орқали суғориш тизимини замонавийлаштиришга қаратилган.

“BMB Holding” тизимидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган корхоналарда заъфарон, сабзавот ва полиз экинларини етиштиришда Польшанинг илмий лабораториялари томонидан ишлаб чиқилган “Agro Nano Gel Basic” гидрогели қўлланилди. Шу тажрибалар Жиззах вилоятининг Арнасой, Бахмал ва Ғаллаорол туманларида кўргазмали семинарлар шаклида амалга оширилди.

Икки йиллик тажриба шуни кўрсатдики, гидрогел қовун уруғини экиш ва помидор, булғор қалампири кўчатларини парвариш қилишда сувга бўлган талабни самарали қондирди, поя ва чинбаргларнинг бақувватлигини таъминлади, вегетация давридаги ҳосилдорликни оширди. Гуллаш фазалари ва фотосинтез жараёнларидаги ижобий натижалар гидрогелнинг самарадорлигини яна бир бор исботлади.

Хулоса қилиб айтганда, “Agro Nano Gel Basic” гидрогели қурғоқчиликка қарши кураш, намликни ушлаб туриш ва ҳароратнинг тез ўзгаришидан ҳосилга келадиган зарарни юмшатишда самарали ечим ҳисобланади. Бу технология сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда инновацион ёндашув сифатида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун муҳим аҳамиятга эга ва Президент қарорида белгиланган вазифаларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари