Қарор ва ижро
Мамлакатимизда кейинги йилларда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувни тежаш мақсадида суғориладиган майдонларда сувтежамкор технологияларни жорий этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Сув – мамлакатимиз учун стратегик ресурс ҳисобланади. Иқлим ўзгариши, трансчегаравий сув оқимларининг ўзгарувчанлиги ва суғориладиган ерлар майдонининг катталиги, сувдан самарали фойдаланишни талаб этади.

2026–2028 йиллар давомида суғориладиган майдонларни сув тежовчи технологиялар билан умумий қамровини сезиларли даражада ошириш вазифаси белгиланган. Томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш ва дискрет (лазерли текислаш) технологияларни жорий қилиш орқали ҳар йили миллиардлаб куб метр сувни тежаш кўзда тутилган. Бу нафақат сув сарфини қисқартириш, балки ҳосилдорликни, минерал ўғитлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.
Қарорнинг муҳим жиҳатларидан яна бири, сув солиғи ва иқтисодий рағбат механизмларини такомиллаштиришдир. Сув билан барқарор таъминланган ҳудудларда истеъмолчилар сув тежовчи технологияларни жорий этиши ва сув ўлчов қурилмаларини ўрнатиши шартлиги белгилаб қўйилди. Акс ҳолда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси икки баробар қўлланилиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудларда тежамкор технологияларни жорий этган хўжаликларга субсидиялар оширилган коэффициент билан ҳисобланиши белгиланган. Бу сув танқислиги шароитида жойлашган ҳудудларда замонавий технологияларга инвестиция киритишни рағбатлантиради.
Қарорда назорат тизимини модернизация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. “Сувхўжаликназорат” инспекцияси ваколатлари кенгайтирилиб, учувчисиз дронлар орқали мониторинг ўтказиш механизми жорий этилди. Муҳими, дронлар ёрдамида ўтказилган мониторинг тадбирлари текширув ҳисобланмаслиги ва “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинмаслиги белгиланди. Бу эса тезкор ва самарали назоратни таъминлаш билан бирга, ортиқча бюрократик юкламаларни камайтиради.
Шунингдек, қарорда сув ўлчаш ва ҳисоблаш бўйича “ақлли” қурилмаларни мажбурий тартибда жорий этиш, уларни “Сув ҳисоби” ахборот тизимига интеграция қилиш чоралари белгиланган. Бу сув сарфини реал вақт режимида назорат қилиш, йўқотишларни аниқлаш ва адолатли тақсимотни таъминлаш имконини беради.
Қарорнинг яна бир ижобий жиҳати соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш ва илмий асосланган ёндашувни кучайтиришдир. Сув тежовчи технологияларнинг самарадорлигини баҳолаш, минимал техник талаб ва меъёрларни ишлаб чиқиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини стандартлаштириш орқали жорий этилган технологияларнинг ҳақиқий натижасига қараб имтиёз бериш тизими йўлга қўйилмоқда.
Бугунги глобал шароитда сув танқислиги дунё миқёсида жиддий муаммога айланиб бормоқда. Ўзбекистон шароитида сув ресурсларининг чекланганлиги ва аҳоли сонининг ўсиши сувдан оқилона фойдаланиш нақадар муҳим эканлигини кўрсатмоқда. Шу боис, мазкур қарор нафақат соҳавий, балки мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжатдир.
Шуҳратжон Эргашев,
Норин – Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси
бошлиғининг биринчи ўринбосари.
ЎзА