Бугунги кунда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга қилган Мурожаатномасида сув танқислиги шароитида ҳар бир томчи сувдан самарали фойдаланиш, замонавий суғориш усулларини кенг жорий этиш, ирригация инфратузилмасини яхшилаш энг устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб берилди. Улар бўйича Тошкент вилоятида ҳам изчил амалий ишлар қилинмоқда.

Таҳлилларга кўра, ҳозир ҳудудда умумий суғориладиган ер майдони 287 минг гектарни ташкил этади. 2026 йилда ушбу майдоннинг 25 минг 300 гектарида сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш режалаштирилган бўлиб, бунда томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет ҳамда эгилувчан қувур ва плёнка тўшаб суғориш усулларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар сув сарфини камайтириш баробарида ер унумдорлигини сақлаш ва ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади.

Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятнинг бир қатор туманларида кластер ташкилотлари ва фермер хўжаликлари учун ўқув-амалий семинарлар ташкил этилмоқда. Унда асосий эътибор аҳолининг сувни тежаш маданиятини ошириш, сув ресурсларини самарали бошқариш, замонавий суғориш технологияларини жорий этишнинг амалий жиҳатларига қаратилмоқда.

– Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, Чиноз туманида пахта-ғалла йўналишида фаолият юритаётган 76 та фермер хўжалигининг 2 минг 310 гектар майдонида асосан ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий этилмоқда. Янгийўл, Зангиота, Ўрта Чирчиқ ва Оҳангарон туманларида эса “Кавсар” каби сув тежовчи тизимларни қўллаш бўйича амалий ишлар кенгайиб бормоқда. Бу жараёнда фермерлар ўртасида тажриба алмашинуви йўлга қўйилиб, янги технологияларнинг самараси амалда намоён этилмоқда, – дейди Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Қурбонов.

Сув йўқотишларини камайтириш мақсадида суғориш тармоқлари ва ички ариқларни тозалаш, уларни бетонлаш ишлари ҳам тизимли равишда олиб борилмоқда. Бу ишлар кузги-қишки мавсумга тайёргарлик доирасида амалга оширилиб, ички тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилаш, сувнинг манзилга тўлиқ етиб боришини таъминлашга қаратилган. Натижада экин майдонларини барқарор сув билан таъминлаш имконияти кенгаймоқда.
Сув тежовчи технологияларни жорий этишда комплекс ёндашув муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда фақат замонавий суғориш ускуналарини ўрнатиш билан чекланиб қолмасдан, канал ва ариқларни тартибга келтириш, бетонлаш, фермерларнинг билим ва кўникмаларини ошириш ҳам бирдек аҳамиятга эга. Бу эса ҳар бир куб метр сувдан максимал самара билан фойдаланиш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, Давлат раҳбарининг Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар вилоятда аниқ режа ва амалий ишлар билан уйғун ҳолда ижро этилмоқда. Сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ирригация тармоқларини такомиллаштириш ва фермерларнинг масъулиятини ошириш орқали қишлоқ хўжалигида барқарор ривожланишга эришиш йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.