Бугун “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетида “Иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.
Жаҳоннинг қирққа яқин мамлакатидан 150 нафардан ортиқ илм-фан, олий таълим ва ишлаб чиқариш соҳаларининг етакчи вакиллари иштирок этаётган ушбу анжуманда асосий эътибор иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш масалаларига қаратилди.

Анжуманнинг очилишида “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетининг ўқув ишлари бўйича проректори Бахтиёр Худоёров, Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиев ва бошқалар сўзга чиқиб, глобал иқлим ўзгаришлари туфайли дунёнинг айрим ҳудудларида сув тошқинлари кузатилаётган бўлса, яна бошқа ҳудудлари қурғоқчилик каби экстремал ҳодисаларнинг кўпайишига сабаб бўлаётганлигини таъкидлади.
Маълумки, бундай жараён жаҳон халқларидан иқлим ўзгаришларининг олдини олишда якдиллик билан ҳаракат қилиш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, сувга доимий эътибор қаратишни талаб қилади. Кейинги йилларда Ўзбекистонда бу борада кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси, Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025-2028 йилларга мўлжалланган дастури ҳамда бошқа бир қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиевнинг қайд этишича, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати, саъй-ҳаракатлари натижасида қўшни давлатлар билан йўлга қўйилган ўзаро дўстона ва ишончли алоқалар Марказий Осиё минтақасидаги трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланишга мустаҳкам замин яратди.
– БМТ Бош Ассамблеяси, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари кенгаши ва бошқа нуфузли анжуманларда Президентимиз нафақат халқимиз, балки минтақа халқларининг манфаати ва фаровонлиги йўлида муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Жумладан, яқинда давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида сув ресурслари тақчиллиги инсоният олдида турган энг жиддий глобал муаммолардан бири сифатида қайд этилди. Дунё аҳолисининг икки миллиарддан ортиғи ҳанузгача тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга эмаслигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, Президентимиз томонидан мамлакатимизда Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форумини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди. Келгуси йилнинг апрель ойида юртимизда мазкур нуфузли халқаро анжуманни юқори даражада ўтказиш режалаштирилмоқда. Форум дунё миқёсида сув ресурсларини бошқариш ва тежаш бўйича илғор тажрибалар, замонавий ёндашувлар ҳамда янги ечимлар учун очиқ мулоқот майдони бўлиши кутиляпти, –деди Р.Қаршиев.

Айтиш жоизки, мазкур халқаро илмий-амалий конференцияда сув ресурсларини тежамкор ва самарали бошқариш, экологик мувозанатни сақлаш ҳамда илмий инновацияларни амалиётга жорий этиш масалалари кенг муҳокама қилинмоқда. Олимларнинг таъкидлашича, анжуман миллий ва халқаро мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, янги илмий ғоялар ҳамда технологияларни татбиқ этиш имкониятини яратади.
Эслатиб ўтамиз, анжуман 10 октябрга қадар давом этади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА