Марказий Осиё халқаро институтида “Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасида Ўзбекистон - Тожикистон ҳамкорлиги” мавзусида ўтказилган анжуман қатнашчилари - икки мамлакат экспертлари ушбу долзарб муаммони муҳокама қилиб, бир овоздан келгусида яқин ҳамкорлик зарур, деган тўхтамга келишди:
Хайриддин Усмонзода, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори:
- Глобал исиш ва жумладан, Марказий Осиёнинг ҳам иқлим таҳдидлари таъсирида остида экани нуқтаи назаридан, бугун минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласини муҳокама қилиш ўта долзарбдир.
Шу маънода икки томонлама муносабатнинг жорий ҳолати ниҳоятда муҳим бўлиб, сув-энеретика соҳасидаги Ўзбекистон - Тожикистон ҳамкорлигини самарали амалга оширишга кўмаклашади.
Икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракати туфайли қардош мамлакатлар ўртасида Амударё ва Сирдарё сувидан фойдаланиш бўйича ҳеч қандай зиддият йўқ.
Зарафшон дарёсида ГЭС қурилишига оид келишув айни йўналишдаги ҳамкорликнинг энг яхши намунасидир.
Султон Раҳимзода, Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси раиси:
- Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатнинг бугунги ҳолати ва мамлакатларимизнинг минтақада сувдан оқилона фойдаланиш масаласи бўйича позицияси, қараши юқори баҳога лойиқ.
Икки давлат минтақа кун тартибидаги барча масалалар бўйича конструктив позицияга эга ва Марказий Осиёда иқлим муаммосини ҳал этишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси ва Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссия ташкил этилишининг асосий ташаббускорлари сафида эътироф этиладиган мамлакатларимиз муҳим институтлар доирасида тегишли ҳамкорликни таъминлаб, минтақа давлатлари ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.
Умед Давлетов, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази аппарати раҳбари:
- Бугунги инқироз, таҳдидлар шароитида сув ва экологик ҳамда озиқ овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарур.
Шу нуқтаи назардан Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар сувидан комплекс фойдаланиш бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон Ишчи гуруҳи фаолияти таҳсинга сазовор.
Мамлакатларимизнинг сув соҳасидаги ҳамкорлиги ижобий тенденцияга эга бўлиб, минтақа сув-экологик мувозанатига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан Ҳисор ва Фарғона каналларидан бирга фойдаланиш, Зарафшон дарёси билан боғлиқ умумий масалаларни босқима-босқич ҳал этиш бўйича келишувга эришилди.
Динара Зиганшина, Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссия Илмий ахборот маркази директори:
- Тадқиқ этилаётган муаммони ҳал этиш учун Зарафшон дарёсида иккита кичик ГЭС қуриш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш ҳам жуда муҳим.
Зарафшон ресурси энергетика манбаи сифатида Тожикистон учун, суғориш манбаи сифатида Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга.
Биргаликда ГЭС қуриш ва иншоотдан умумий фойдаланиш ягона энергия тизимининг энг юқори қувватини сақлаб қолади, қўшимча иш ўринлари яратилиши ҳамда электр энергиясини икки давлат ҳудудларига тенг асосда тақсимлашга хизмат қилади.
Назриало Шерализода, Тожикистон Ҳукумати ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Гидрометеорология агентлиги директори ўринбосари:
- Бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон гидрометеорология хизматлари биргаликда изчил ва самарали иш олиб боряпти.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, об-ҳаво билан боғлиқ вазият, синоптика маълумотлари, дарёлар оқими режими ҳамда Амударё, Сирдарё ҳавзаларидаги сув омборлари ва кўллари ҳолати тўғрисида тезкор маълумот алмашинуви бўйича йўлга қўйилган ҳамкорлик қардош мамлакатларимиз тараққиёти йўлида тўғри, фойдали қарорлар ишлаб чиқишга ёрдам беради.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ тайёрлади,
ЎзА