Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бугуннинг долзарб масаласидир
16:50 / 2025-12-23

Бугун сув ҳақида гапириш одатий мавзудек туюлиши мумкин. Аслида эса бу шунчаки неъмат эмас, у инсон саломатлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқтисодиёт ва келажак тараққиётининг бир қисмидир.

Дунёнинг кўплаб ҳудудларида сув танқислиги тобора кучайиб бораётган бир пайтда унга масъулият билан муносабатда бўлиш — бугуннинг энг долзарб масалаларидан бири.

Кейинги йилларда мамлакатимизда сувни тежашга қаратилган чоралар ҳаттоки бутун минтақа барқарорлигини мустаҳкамлаш учун ҳам асқатмоқда. Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқида нафақат Ўзбекистон балки Марказий Осиё давлатлари, яқин ва узоқдаги хорижий давлатлар, халқаро ташкилотларнинг ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари, мақсадлари, мураккаб бир даврда улар олдида турган, ҳал этилиши лозим бўлган энг муҳим масалаларни белгилаб берди ҳамда уларни ҳал этиш бўйича аниқ таклифлар билдирди.

Хусусан, ўткир тус олаётган иқлим ўзгариши муаммолари, жумладан, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши лозимлиги, сув ресурсларининг тақчиллиги, дунё аҳолисининг икки миллиарддан ортиғи тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга эмаслиги таъкидланди.

Мамлакатимизда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказишни режалаштирилганлигини, Сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилашни, глобал даражада инновaцион технологияларини жорий этиш учун алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилинишини билдирди.

Экологик ўзгаришларнинг яна бир салбий кўриниши – иқлим мигрaциясининг кучайиб бораётганлиги, бу масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилиш таклиф этилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмалари билан минтақамизда қатор янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш таклиф этилди.

Жумладан, ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, минтақамизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилишга эътибор қаратилди.

Маълумки, сўнгги йилларда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўлиш юртимизда ҳам бир қатор муҳим қарор ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича катта мақсадлар белгилаб берилди. Шунингдек, 2025 йил 30 июлда Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси қабул қилинди.

Бундан ташқари, 2025 йил 13 октябрда қабул қилинган  “Сув соҳасини рақамлаштириш жараёнини янада жадаллаштириш ва барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ, эндиликда, сув ҳисобини янги ёндашув асосида юритиш, яъни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш белгиланди.

Бунда “Сув ҳисоби” ахборот платформаси орқали фойдаланилган сув миқдори аниқ ҳисобланади ва истеъмолчиларга электрон тарзда маълум қилинади. Тизим ҳисоб-китоблар жараёнида инсон омилини камайтиб, ортиқча қоғозбозликни бартараф этади ҳамда ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширади.

Маълумотларнинг аниқлигини таъминлаш мақсадида “Рақамли қишлоқ хўжалиги” платформаси билан интеграция йўлга қўйилади. Шу орқали суғориладиган ерлар, экин турлари ва сув лимитлари ҳақидаги маълумотлар автоматик янгиланади.

Шунингдек, соҳадаги барча маълумотларни бир тизимда жамлаш учун Сув хўжалиги вазирлигининг “Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази” ташкил этилади. Марказ сув баланси, насос станциялари ва сув сарфи бўйича маълумотларни таҳлил қилади ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларини автоматлаштириш имконини беради.

Бундан ташқари, ҳужжат асосида соҳада “Давлат сув кадастри” ахборот тизими яратилиши белгилаб берилган. У орқали сув ресурсларига оид маълумотлар тегишли вазирлик ва идоралардан йиғилади ва ягона базада шакллантирилади. Бу, ўз навбатида, маълумот алмашиш жараёнини соддалаштириб, ҳисоботларни қоғозда юритиш амалиётини қисқартиради. “Давлат сув кадастри” тизимини 2026 йил апрелига қадар тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.

Дарҳақиқат, бугунги кунда сув тежовчи технологияларнинг жорий этилиши ҳам давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу жараёнда фермерларимиз сув тежовчи технологияларни жорий этилишидан манфаатдор ва жараёнда жуда фаол иштирок этмоқда.

Маълумотларга таянадиган бўлсак, бугунга қадар республика бўйича жами 2,8 миллион гектар майдонда суғориладиган экин майдонларнинг 66 фоизга сув тежовчи технологиялар жорий қилишга эришилди.

Томчилаб суғориш майдонлари кескин кўпайтирилди. Натижада, кейинги йилларда тoмчилатиб суғориш тизими жадал суръатлар билан кенгайди. Айрим ҳудудларда пахта, боғдорчилик ва сабзавотчиликда 40–60 фоизгача сув тежалишига эришилди. Бу нафақат сувни, балки ўғит ва энергия сарфини ҳам камайтирди.

Шу билан бирга, лазерли текислаш технологиялари кенг оммалаштирилди. Лазерли текислаш қишлоқ хўжалиги ерларида сувнинг бир хил тарқалишини таъминлади, ўсув даврида 15–20 фоиз ҳосилдорлик ошиши кузатилди. Бу агротехнология фермерлар томонидан энг самарали инновациялардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Яна бир жиҳат, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш ускуналарига субсидиялар берилди. Сув тежайдиган ускуналарнинг қийматининг 30–40% қисми, сарфланган электр энергияси тўловлари 100 фоизи давлат томонидан қоплаб берилиши фермерларнинг қизиқишини янада оширди. Ҳукуматнинг қўшимча кредит ва лизинг имтиёзлари эса технологияни оммавий жорий этишга йўл очди.

Бу борада агросекторда рақамлаштириш ва сенсор назорати яратилди. Сув истеъмолини аниқлаш, намлик сенсорлари, дрон орқали мониторинг ва автомат суғориш тизимлари қўлланила бошланди. Айрим йирик хўжаликлар 30 фоизгача ишлаб чиқариш харажатларини тежашга эришмоқда.

Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, рақамли тизимлар, инновацион технологиялар ва давлат қўллаб-қувватлаши натижасида соҳада самарали тизим шаклланмоқда. Бу эса сув ресурсларини барқарор бошқариш ва қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигини оширишга кенг ёрдам бермоқда.

Зафар МУСТАФАҚУЛОВ,

Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси ўринбосари.

ЎзА