Фармон ва ижро
Сўнгги йиллар ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аммо, аҳоли сонининг ортиши ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши натижасида сувга бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда.

Шу муносабат билан сув ресурсларини тежаш ва улардан самарали фойдаланиш бугунги кунда энг долзарб масалалардан бирига айланди. Бу борада Тошкент вилояти бўйича фаолият юритаётган Чирчиқ – Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2024 йил 7 майдаги “Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида”ги фармони билан жойларда сув хўжалиги балансини шакллантириш тизимини йўлга қўйиш, сув тақсимотида аниқлик, тежамкорлик ва шаффофликни таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

– Сув хўжалиги балансларини тузиш, бу сувнинг манбасидан истеъмолчигача бўлган ҳаракатини, сарфланишини ва йўқотилишини ҳисобга олиш тизимидир. Шу билан бирга, сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланишнинг асосий воситаси ҳисобланади. Ҳозир вилоятда учта, Чорвоқ, Оҳангарон ва Тошкент сув омборлари мавжуд. Улар умумий 2,45 миллиард куб метр сувни тўплайди. Вилоятда 297 минг гектар суғориладиган майдон бор. Бир йилда ўртача 9-10 миллиард кубметр сув шаклланади, шундан тахминан 4,5-5 миллиард кубметр қисми истеъмол қилинади. Қолгани Сирдарё орқали қўшни давлатларга чиқиб кетади, – дейди Чирчиқ – Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Қурбонов.

Ҳудуд бўйича мавжуд сув ресурсларини тежаш мақсадида охирги 9 ойда 600 миллион кубметр обиҳаёт сарфланиши олди олинди. Йил бошидан бери жойларда сув йўқотилишининг олдини олиш мақсадида 41,1 миллиард сўм маблағ доирасида 28,3 километр каналларни бетонлаштириш белгиланган бўлиб, бугунгача Бўка туманидаги “Ўнг тармоқ” каналининг 16 километр қисмида ер ишлари, 12,5 километр қисмида бетон қуйиш ишлари амалга оширилган.
Шунингдек, Чиноз туманидаги “Жун” канали ва Юқори Чирчиқ туманидаги “Қирсадақ” каналларида ҳам ишлар жадал суръатда олиб борилмоқда. Бундан ташқари, суғориш тармоқларини тозалаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда режанинг 95 фоизи бажарилди. Жойларда сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2021–2024 йилларда вилоятда 122 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. 2025 йилда эса яна 35 минг гектар майдонда замонавий суғориш технологияларини жорий қилиш режаси 85 фоизи бажарилди.

Сув хўжалиги вазирлиги мутасаддилари, Тошкент вилояти ҳокимлиги масъуллари, “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси раҳбарлари томонидан фермерлар, боғбончилик хўжаликлари эгалари ҳамда сув хўжалиги соҳасининг фаол вакилларига мунтазам равишда семинарлар ўтказиб, мазкур саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти тушунтирмоқда.
Ўз навбатида сув хўжалиги тармоқларида замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ва рақамлаштириш ишлари ҳам тизимли амалга оширилмоқда. Ҳозиргача 1 минг 534 та сув хўжалиги объекти рақамлаштирилди. 2026 йилда яна 52 та насос станцияси ва 180 та мелиоратив қудуқларда онлайн ҳисоблагичлар ўрнатиш режалаштирилган.
Бироқ аҳоли орасида сувни авайлаб фойдаланиш маданиятини шакллантириш ҳам долзарб вазифадир. Шу туфайли соҳа мутахассислари мактаблар, маҳаллаларда ёшлар ва фаоллар, фермерлар билан учрашувлар ўтказиб, “Йўқотишсиз сув – келажак кафолати” шиор остидаги тадбирлар ташкил этмоқда. Муҳими, сувни тежаш фақатгина давлат ёки фермернинг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлиши лозим.
А.Мусаев, ЎзА.