Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув ресурсларидан ҳисобли ва оқилона фойдаланиш талаб даражасида эмас
17:05 / 2022-02-10

Миллий матбуот марказида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, геология ва минерал ресурслар органлари тегишлилигига кўра шифобахш сувлар қаторига киритилган сув объектларидан, айрим ҳоллардагина соғлиқни сақлаш органлари ва курорт бошқармалари билан келишилган ҳолда бошқа мақсадлар учун фойдаланишга рухсат бериши мумкин. 

Ўзбекистонда сўнгги 2 йил давомидаги сув тақчиллигига барчамиз гувоҳ бўлдик. Республика сув ресурслари, айниқса фойдаланиш учун яроқли бўлган сув ресурслари чексиз эмас. Республика сув ресурсларининг ¼ қисмини ер ости сувлари ташкил қилади. Шундан 80 фоизи фойдаланиш учун яроқли. Мана шу яроқли сувларнинг 40 фоизи ичишга яроқли ҳисобланади. 

Бугунги кундаги олинаётган ер ости сувининг миқдори 7 млрд.м3/йилни ташкил қилмоқда. Лекин, амалда бунга 1,5 бараварга кўп бўлиши мумкин. Буни ҳозирча аниқлашнинг имкони бўлмаяпти. Чунки, сувдан фойдаланувчиларимиз томонидан қазилган қудуқлар ва олинаётган сувлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилмаяпти. Ҳар бир вилоятлардаги 1 тадан ер ости сув мониторинги бўлинмаси (бўлинмада соҳага оид 2 мутахассис мавжуд) билан буни қамраб олишнинг ҳам имкони бўлмаяпти. 



Президентимиз раислигида ўтказилган ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалалари юзасидан йиғилишда 2022 йилнинг ўзида марказлашган ичимлик суви таъминотини 75 фоизга етказиш бўйича топшириқ берилди. 

– Шаҳардаги аҳоли пунктларида сувнинг асосий қисми ҳожатхоналар орқали сарфланади, – дейди Давлат геология қўмитаси бўлим бошлиғи Расулжон Бегматов. – Тошкент шаҳридаги 3 миллион аҳоли бир суткада 5-10 марта ҳожатхонадан фойдаланадиган бўлса, у ҳолда ҳар куни 130-170 миллион литр, яъни 1-1,3 миллион аҳолига етарли бўлган чучук сувлар исроф бўлмоқда. Агар буни республика бўйича ҳисоблаб, ўрта ҳисобда 17-20 миллион аҳоли шаҳар шароитида яшайди десак, бир кунда 7 миллион аҳолига етарли бўлган 1 миллиард куб метр чучук сув мақсадсиз фойдаланилар экан. Бундан ташқари яна бир қатор эҳтиёжлар, огородларни суғориш, сув сепиш, тозалов, машина ювиш кабилар учун ҳам чучук сув шарт бўлмаса керак. 

Матбуот анжуманида бугунги кунда сув ресурсларини муҳофаза қилиш улардан ҳисобли ва оқилона фойдаланишни талаб даражасида йўлга қўйиш ўта оғир бўлаётгани қайд этилди. Шунингдек, соҳага оид учта назорат органлари мавжуд эканлиги қайд этилди. Аммо бу инспекциялар орасидаги маълумотлар интеграцияси етарли эмас. 

Шунингдек, матбуот анжуманида ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш, сувдан ҳисобли ва мақсадли фойдаланишни жорий қилиш билан бирга, сувни тежаш масалаларига, ер ости сув ресурсларини сунъий тўйинтириш, резервдаги ичимлик сув манбаларини яратиш, соҳага оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. 


Шаҳноза Маматуропова, ЎзА