Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши оқибатида қувурларда сув музлаб қолиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун эса сувни мунтазам очиб қўйиш шарт эмас.
“Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати томонидан музлаган қувурларни уй шароитида эритиш учун бир қанча тавсияларни тақдим этди.
Aгар хонадондаги қувурларда сув музлаб қолган бўлса, уни эритиш учун мутахассислар хизматидан фойдаланиш ёки уй шароитида уни бартараф этиш мумкин.
Сув қувурлари музламаслиги учун асосан илиқ сувдан фойдаланиш лозим. Ушбу усул сувнинг турғунлик зонаси аниқ белгиланган ва у кичик бўлган ҳолларда танланади. Қувурнинг очиқ музлаган жойини латта ёки бирор мато билан ўраб, устига илиқ иссиқ сув қуйиш ва сув ҳароратини секин-аста ошириб бориш керак. Кранни очиш музнинг эришини тезлаштиради. Намланган латталар эса иссиқликни бир муддат ушлаб туради, пластмасса ёки металл қувурлар ичидаги музни эритишга имкон беради.
Илиқ ҳаво оқимини яратадиган ҳар қандай қурилмадан фойдаланиш мумкин. Ушбу усул қувурларда музлаган кичик майдонларни иситиш учун хизмат қилади. Aгар чаноқ (раковина) ёки унитаз яқинидаги қувур музлаган бўлса, унга қайнатилган туз қоришмасини (10 литр сув учун 1 кг. туз) қуйиш мақсадга мувофиқдир. Ушбу усуллар қувурларда сув музлаб қолишининг енгил даражасига мўлжалланган. Талафотли ҳолатларда фақат мутахассис хизматидан фойдаланиш лозим.
Агар қувур белгиланган чуқурлик (ҳудудларга қараб 70 смдан 1 метргача)да кўмилмаган бўлса, қувурлар иссиқлик изоляцияси билан ҳимояланмаган бўлса ёки иссиқлик изоляциясининг зичлиги бузилса, сув қувурларининг музлашига сабаб бўлади. Кўпинча совуқ ҳаво қувурларнинг металл ва пластмасса элементларига, бўғимларига, шунингдек, қувурларнинг юза қисмига таъсир ўтказади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА