Сув полосида кучли жамоалар аниқланди
Пойтахтимиздаги Республика олий спорт маҳорати мактабида сув полоси бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионати 1-тур ўйинларининг тўрт кунлик мусобақалари якунланди.
Ўтказилган ўйинлар сарҳисобига кўра, Наманган вилояти ва “Uzbekistan Aquatics” жамоалари муваффақиятга эришди.
6 та эркаклар жамоалари иштирокида ўтказилган мусобақаларда Наманган вилояти сув полочилари 1-тур ўйинлари давомида барча рақибларини мағлуб этишга эришди ва ҳақли равишда шоҳсупанинг энг юқорисини эгаллади. 2 ва 3-ўринлар Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳар жамоаларига насиб этди.

Аёллар жамоалари ўртасидаги муросасиз ўйинларда эса "Uzbekistan Aquatics” жамоаси қизлари ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этиб, 1-ўринни эгаллади. Улар тўрт кунлик мусобақалар давомида барча рақиб жамоаларни катта устунликда мағлубиятга учратди. Кумуш ва бронза медаллари РОСММ ва Наманган вилояти аёллар жамоасига тегишли бўлди.
Т.Рўзиев, ЎзА