Хитойда сув полоси бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида ўтаётган Осиё чемпионатининг илк ўйинида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Хитой Тайпейига қарши баҳс олиб борди ва 30:8 ҳисобида ғалабага эришди.
Ўйинда терма жамоамиз аъзоларидан Артур Вишняков (10), Азиз Содиқов (2), Дониёр Салимов (2), Георгий Шубин (4), Маъсуд Дилмуродов (1), Самир Глазков (2), Кирилл Старигин (1), Саидислом Юсуфжонов (1), Бурхон Сайфиддинов (4) ҳамда Вангелис Дивин (3) голларга муаллифлик қилди.
Кеча Эрон билан ўтказилган баҳсда ҳамюртларимиз 9:33 ҳисобида имкониятни бой берди. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса чемпионатнинг дастлабки ўйинида Япония жамоаси билан рўбарў келди ва 7:34 ҳисобида кунчиқар юрт вакилларига мағлуб бўлди.

Бугун, 27 февраль куни Осиё чемпионатининг учинчи куни доирасида эркаклар терма жамоамиз Япония, аёлларимиз эса Хитой билан куч синашади.

Айтиш лозим, Осиё чемпионатининг эркаклар ўртасидаги мусобақаларида 9 та жамоа “А” ва “Б” гуруҳларига бўлинган ҳолда баҳслашмоқда. Ҳамюртларимиз Жанубий Корея, Япония, Эрон ва Хитой Тайпейи жамоалари билан “Б” гуруҳидан жой олган. “А” гуруҳида Хитой, Қозоғистон, Сингапур, Гонконг совринли ўринларга даъвогарлик қилмоқда. Аёллар турнирида 6 та давлат: Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, Сингапур, Гонконг, Япония айлана тизимдаги баҳсларда қатнашмоқда. Қитъа чемпионати жорий йил Сингапурда ўтадиган жаҳон чемпионатига саралаш вазифасини ўтайди. Мусобақалар 2 мартга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА