English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув – Ўзбекистон барқарор ривожланишининг стратегик ресурси
19:45 / 2026-02-06

Бугунги кунда сув ресурслари давлатларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Иқлими қуруқ минтақада жойлашган ва атроф-муҳитга инсон таъсири кучайиб бораётган Ўзбекистонда сувдан оқилона ва адолатли фойдаланиш масаласи нафақат иқтисодий, балки ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этади.

Сув ресурсларини самарали бошқариш ижтимоий адолат, озиқ-овқат хавфсизлиги ва келажак авлод фаровонлигини таъминлашнинг муҳим шартидир. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган изчил сиёсат натижасида сув хўжалиги соҳасини чуқур модернизация қилиш учун мустаҳкам институционал асос ва қонунчилик шаклланди. 

Хусусан, мамлакатимизда қабул қилинган 2030 йилгача сув ресурсларини бошқариш стратегияси иқлим ўзгариши, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларининг ортиши билан боғлиқ муаммолар ҳамда табиий ресурсларга оқилона муносабатда бўлиш заруратига тизимли жавоб бўлди. Стратегия марказида сув ресурсларидан исрофгарчилик билан фойдаланишни камайтириш ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш имконини берадиган сув тежовчи усуллар, биринчи навбатда, томчилатиб ва дискрет суғориш технологияларини кенг жорий масаласи туради.  

Бугун ушбу соҳадаги сиёсатнинг натижалари яққол кўзга ташланмоқда. Агар 2017 йилгача республикамизда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар жами 19 минг гектарни ташкил этган бўлса, бугун бундай майдонлар 2,6 миллион гектарга ёки суғориладиган ер майдонларининг 60 фоизига етди. Бунинг натижасида ҳар йили 2,5 миллиард куб метр сув тежалишига эришилмоқда. 

Олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Президентимиз жорий йил 3 февраль куни сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бўйича чора-тадбирларга бағишланган тақдимот билан танишди. Унда билдирилган таклифлар Ўзбекистон ислоҳотларнинг янги, кенг қамровли босқичига ўтишга интилаётганини кўрсатмоқда.

Хусусан, 2028 йилга қадар яна 930 минг гектар ерда сув тежовчи технологияларни ўрнатиб, бундай майдонларни 3,5 миллион гектарга ёки жами суғориладиган ерларнинг 80 фоизига етказиш режалаштирилган. Бу ҳар йили 3,5 миллиард куб метр сувни тежаш имконини беради. 300 минг гектар ернинг сув таъминоти сезиларли даражада яхшиланиб, такрорий экинларни суғориш учун қўшимча имкониятлар пайдо бўлади.

Қонунчилик палатаси депутати сифатида таклиф этилаётган чора-тадбирларнинг ижтимоий йўналтирилганлигини алоҳида қайд этмоқчиман. Жумладан, тежалган сув ресурслари, энг аввало, сув таъминоти оғир ҳудудлардаги фермер хўжаликларини сув билан таъминлашга йўналтирилади. Зеро, айнан шундай ҳудудларда аҳоли даромадлари даражаси сув билан таъминланганлик даражасига боғлиқдир.

Бу борада давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Сув ресурслари учун солиқ ставкаси ва субсидиялар миқдорини ер майдонларининг сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб белгилаш таклиф этилмоқда. Хусусан, сув танқис ҳудудларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинганда, субсидиялар 1,25 оширувчи коэффициент билан ҳисобланиши фермерларга қўшимча рағбат яратади.

Шу билан бирга, банк кредитларини олмасдан ўз маблағлари ҳисобидан сув тежовчи технологияларни жорий қиладиган ташаббускорларга субсидия ажратишнинг янги тизими жорий қилиниши белгиланди. Бунда субсидия миқдорининг ярми лойиҳа-смета ҳужжатлари ва таъминотчи корхона билан тузилган шартнома асосида Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан олдиндан ажратилади. Бу молиявий хатарларни камайтириб, инновациялардан кўпроқ хўжаликлар фойдаланиши учун имкон яратади. Бундан ташқари, эндиликда бошоқли дон экинларини етиштиришда томчилатиб ва дискрет суғориш технологияси жорий қилинган майдонлар учун ҳам субсидия берилади. 

Тақдимотда кредит ажратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.  Сув тежовчи технологияларни харид қилиш ва ўрнатиш мақсадида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар бўйича фоизларни қисман қоплаб бериш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, ғўза майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун кредитлар ҳар йили ноябрь ойидан бошлаб тақдим этилади. Бу фермерларга қишлоқ хўжалиги даврини янада аниқ ва оқилона режалаштириш имконини беради.

Пудрат ташкилотларининг масъулиятини кучайтириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Энди сув тежовчи технологияларни ўрнатиб берган корхоналар камида икки йиллик кафолат муддати бериши ва беш йил давомида сервис хизматларини кўрсатиши керак бўлади. Мазкур қарор фермерлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва жорий этилаётган ечимлар сифатини оширишга қаратилган.

Ислоҳотлар давлат назорати соҳасини ҳам қамраб олган. Шоли етиштириладиган ва балиқчилик хўжаликлари ташкил қилинган ер майдонларида сувни бошқариш ва ҳисобини юритишни такомиллаштириш мақсадида“Сув ҳисоби” ахборот тизимига уланган “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилади. Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бўлинмаларида сув тежовчи технологиялардан ҳамда сувдан фойдаланишни мониторинг қилиш бўйича махсус бўлимлар ташкил этилади.

Ўтказиладиган текширувларда ёнкамералардан, экин майдонларида сув йўқотишларини аниқлаш учун эса учувчисиз учиш дронларидан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Бунда ўрнатилган сув тежовчи технологиялардан мақсадли фойдаланилишига алоҳида эътибор қаратилади. Субсидия ажартилган ер майдонларида анъанавий суғориш усулларини қўллаш сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш деб баҳоланади.

Президент соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. “Сувчилар мактаби” лойиҳаси доирасида жорий йилнинг ўзида 10 мингта фермер хўжаликлари ходимлари малака оширади, 300 нафардан ортиқ сув хўжалиги мутахассиси илғор тажрибани ўрганиш учун хорижга юборилади.

Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимли, ижтимоий йўналтирилган ва узоқ муддатли хусусиятга эга. Улар технологик инновациялар, иқтисодий рағбатлантириш, назоратни кучайтириш ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган. “Адолат” партияси учун мамлакат сув сиёсати ҳаётий муҳим ресурсдан аҳолининг барча қатламлари тенг фойдалана олишини таъминлаш, фермерлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва табиий меросни асраб-авайлашга қаратилганлиги жуда муҳим. Зеро, энг улуғ неъматлардан бири бўлган сувни келажак авлодлар учун асраб-авайлаш, Ватанимизнинг барқарор тараққиётини таъминлаш барчамизнинг умумий бурчимиздир.

Н.Рашидова, 

“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА