Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув олиш иншоотидаги 5 та қудуқ носоз эканлиги аниқланди
11:42 / 2025-12-26

Сув иншоотларида ўрганиш ва технологик аудит ишларини амалга ошириш ичимлик суви тизимидаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, ускуналарнинг техник ҳолатини баҳолаш ҳамда аҳолига сувни барқарор етказиб берилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу жараён инфратузилмани самарали бошқариш, хавфсизлик талабларига риоя этилишини назорат қилиш ҳамда келгусидаги таъмирлаш ва модернизация ишларини тўғри режалаштириш имконини беради. Хусусан, Андижон вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан Асака туманидаги “Бадалбой” сув олиш иншоотида ўтказилган ўрганишларнинг асосий мақсади ҳам ана шу вазифаларни амалга оширишдан иборат бўлди.

– Олиб борилган мониторинг текширувлари натижасида иншоотдаги 6 та сув олиш қудуғидан 5 таси ишчи ҳолатда эмаслиги аниқланди, – дейди Андижон вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг ўринбосари Ҳусанбой Обиджонов. – Шунингдек, насос агрегатларида ҳам бир қатор носозликлар мавжудлиги маълум бўлди. Мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жорий йил давомида вилоятдаги шаҳар ва туманларда жами 18 та сув олиш ва тарқатиш иншоотларида технологик аудит ўтказилиб, объектларда аниқланган камчиликлар юзасидан таъминотчи корхоналар ва мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар юборилган. 

Юқорида қайд этилган бундай ўрганишлар аҳолига етказиб берилаётган ичимлик суви сифати белгиланган талаблар даражасида бўлишини таъминлашга, тизим фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда инфратузилманинг барқарор ишлашини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда.

Ф. Убайдуллаев,

ЎзА мухбири