Сув нархи асоссиз оширилгани аниқланди
Рақобат қўмитасининг Тошкент вилоятидаги ҳудудий бошқармаси ичимлик суви ва оқова хизматлари тарифларини текширди. Текширув чоғида кутилмаган ҳолат аниқланди. Айрим хизматлар учун нархлар асоссиз оширилган ва шу орқали аҳолидан 2,2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ортиқча ундирилган.
Маълум бўлишича, “MUSAFFO OBI HAYOT MAGISTRAL SUV TA’MINOTI” АЖ томонидан қўлланилган тарифлар амалдаги қонун талабларига тўлиқ мос келмаган. Натижада, бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилди ва махсус комиссия қарори билан корхонага нисбатан иш қўзғатилди ҳамда молиявий жарима белгиланди.
Энг муҳими — ортиқча олинган пуллар ҳавода қолмайди. Масъул ташкилотга қонунбузилишларни бартараф этиш, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик ва энг асосийси, асоссиз ундирилган маблағларни истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиб қайтариш мажбурияти юклатилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА