Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув муаммосида икки хил қараш (+видео)
17:40 / 2025-12-05

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Полмон қишлоғи аҳолисининг ичимлик суви борасида қилган мурожаати юзасидан айтилган манзилда бўлдик.

Ҳақиқатдан қишлоқнинг бош кўчаси бўйлаб ичимлик суви қувурлари тортилган. Белгиланган масофада сув чиқадиган жўмраклар ўрнатилган, аммо сув келмайди. Шу боис одамлар сувни қишлоқ бошидан ўтган каналдан ташиб ичишади. Айни кунларда эса каналда сув ниҳоятда пасайган.

Ҳолат юзасидан дастлаб аҳолига қулоқ тутдик.  

– Каналларимиз чуқур, сувни олиб чиқиш машаққатли, қиш кунлари  жуда қийналамиз, – дейди  Мадина Ўроқова. – Крандан сув чиқмайди. Канал суви яроқсиз бўлсада, бир кун олдин олиб қўйиб, тинитиб ичамиз.  

– 50 йилдан буён аҳвол шу, – дейди Малоҳат Қурбонова. – Қийналиб каналдан сув ташиб ичамиз. Илгари ёш эдик, энди қариб қолдик. Фарзандлар ҳам ўз куни билан овора. Шу боис биз каби қарияларга қийин.  

Одамлар билан суҳбатлашарканмиз, қишлоқ бошидан ўтган ичимлик суви қувури ишламаслигини, тоза бўлмасада канал сувидан ичишга мажбур эканини бот-бот таъкидлайди.  

[gallery-26574]

Бу борада “Полмон” МФЙ раиси Мақсуд Учқуновнинг ҳам фикрларини тинглаб кўрдик.

– Маҳалламизга ичимлик суви тармоғи ўтказилган, аммо қувурлар аҳоли хонадонларидан анча узоқда жойлашган, – дейди М.Учқунов. – Ҳозирда тармоқ ишламаяпти. Масъул ходимларга мурожаат қилсак, қарздорлик сабабли сув берилиши тўхтатилганини айтишади. Аввал аҳоли билан шартномалар тузилган, лекин сув ўз вақтида етказилмагани учун тўловлар тўхтаб қолган. Натижада тармоқ ўчириб қўйилган, аҳоли эса ҳозирча канал сувидан фойдаланишга мажбур бўляпти.

Ичимлик суви тармоғи тортилган, аммо сув келмаяпти. Нега? Аҳоли бу ҳолатда айбни сув таъминоти корхонасига юкламоқда. Мазкур муаммони ўрганиш учун ташкилот масъулларини ҳам жойига чақирдик ва вазият билан танишдик.

“Қашқадарё сув таъминоти” АЖ Шаҳрисабз туман филиали раҳбари Азамат Дўстмуродовнинг айтишича, вазият юзасидан ташкилотнинг изоҳи бошқачадир. Унга кўра, Полмон маҳалласи таркибига Помон ва Бузариқ қишлоқлари киради. Мазкур ҳудудда 2019 йилда инвестиция дастурлари асосида 3,2 километр ичимлик суви тармоғи тортилган, бир дона сув иншооти ва бир дона артезиан қудуғи қурилган.

– Аҳолига бир неча бор ичимлик суви етказиб берилган, – дейди масъул. – Аммо хонадонлар билан шартномалар расмийлаштирилмагани боис сув таъминоти тўхтатилган. Куз ва баҳорда дарё суви лойқаланганда фуқаролар мурожаат қилади, биз эса вақтинча сувни улаб берамиз. Лекин тизимли тарзда сув бериш учун камида 10-20 нафар фуқаро шартнома тузиши зарур. Шартнома мавжуд бўлмагани учун қарздорлик ҳам юзага келмаган, чунки сув синов тариқасида берилган.

Дўстмуродовнинг таъкидлашича, ҳудудда дарё суви нисбатан тоза бўлгани учун аҳоли асосан ўша манбадан фойдаланади.

– Ичимлик сувига тўлов қилишни кўпчилик истамайди. Аммо биз ҳозир ҳам таклифга очиқмиз: фуқаролар шартнома тузса, бугуннинг ўзида сувни қўшишга тайёрмиз. Тизимда кўча колонкалари, хонадон колонкалари ва график асосида белгиланган меъёрлар бўйича табақалаштирилган тўлов тартиби жорий қилинган. Лекин аҳоли бу шартларга рози бўлмаган, – дейди у.

Масъулнинг қўшимча қилишича, Президентнинг тегишли қарорига асосан Шаҳрисабз туманида туризм лойиҳаси доирасида Мираки ҳудудидан Қорадарё сув манбаси орқали минг метр куб суткалик иншоот қурилиб, туризм ҳудудлари хусусан Мираки, Улоч, Полмон қишлоқларигача ичимлик суви тармоғи ва канализация тортилиши режалаштирилган. Шу боис Полмонга ҳам сув ўтмаган кўчаларга сув ҳисоблагич қўйилган ҳолда тортилиши режалаштирилган. Бугунги кунда лойиҳалар тайёр, бир икки йил ичида амалга оширилади.  

Масъулнинг бу изоҳи бизни ҳайрон қолдирди. Демак тармоқ ишлайди, сув ҳам бор, фақат аҳоли қонуний шартнома тузиб, пулини тўлаб сув олгиси келмайди. Аввалига бунга ишонмадик. Синов тариқасида сувни қўштириб кўрдик ва қишлоққа қайтдик. Қайтганимизда эса ҳамма жўмраклардан сув оқиб турганини гувоҳи бўлдик. Вазиятни бу қадар чуқурроқ ўрганишимизни кутмаган шекилли қишлоқ аҳолиси бир пастда тарқалиб кетди, маҳалла раиси ҳам.

Рост, тоғли ҳудудлар аҳолиси азал-азалдан булоқ ва чашмаларнинг сувларини истеъмол қилиб келишган. Балки шу боис айрим фуқаролар ичимлик суви учун тўлов қилишни ортиқча деб ҳисоблар. Бироқ тармоқ орқали етказиб берилаётган ҳар бир томчи сув қувватли насосларнинг иши, улар учун сарфланадиган электр энергияси ва хизмат кўрсатиш харажатлари эвазига келаётганини ҳам унутмаслик лозим.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tyqZb4UIHh8" title="Suv muammosida ikki xil qarash" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари