Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Сув хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот ишларини янада такомиллаштириш чора-тадбарлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг сув хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, илм-фан ҳамда ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни мустаҳкамлаш, ушбу йўналишда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини кенгайтириш мақсадида Институт ҳузурида Қашқадарё минтақавий маркази ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги икки ҳафта муддатда Қашқадарё минтақавий марказини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Қашқадарё вилояти бюджет ташкилотларига тегишли бўш турган бинога Қашқадарё минтақавий марказини текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш ҳамда зарур мебель ва инвентарлар билан жиҳозлаш чораларини кўради.
Соҳага инновация янгиликларини жорий қилиш мақсадида Институтга Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Тут маҳалласи ҳудудида жойлашган ва туман ҳокимлиги захирасида бўлган қишлоқ хўжаллалигига мўлжалланган 52,9 гектар ер майдони ўттиз йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида ажратилади.
Институтга ажратиладиган ер майдонларида сув ресурсларини бошқаришда замонавий сув ўлчаш қурилмалари жорий қилинади
Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сарфланадиган сув ресурслари ҳисоби юритиб борилади, сувни тежайдиган суғориш технологиялари тупроқ-иқлим шароити, экин турига қараб жорий қилинади ва такомиллаштирилади. Суғориш тармоқларида сув йўқотишларини камайтириш, фильтрацияга қарши инновация технологияларини қўллаш орқали уларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш бўйича илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилади ҳамда сув хўжалиги соҳасида эришилган илмий натижалар, илғор тажрибалар ва замонавий технологиялар синовдан ўтказилади.
Институт қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини ижарага ёки иккиламчи ижарага бериш ҳуқига эга эмас.
ЎзА