French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув кодекси лойиҳасида соҳага алоқадор ташкилотларнинг мажбуриятлари белгиланган
12:14 / 2021-10-30

Мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш, сувдан оқилона фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш мақсадида Сув кодекси ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Бунда сув хўжалигига бозор механизмлари ва давлат-хусусий шериклик тамойилларини жорий этиш, соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар ҳамда сув хўжалиги ташкилотларининг функциялари, роли ва мажбуриятларини белгилаш, сувни тежайдиган технологияларни қўллашни кенгайтириш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг масъулиятини оширишга эътибор қаратилади.

Сув ва сувдан фойдаланишга доир барча қонун ҳужжатларини тартиблаштириш орқали Сув кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда уни манфаатдор томонлар ва жамоатчилик билан муҳокама этиш мақсадида Идоралараро ишчи гуруҳ рўйхати шакллантирилган. Сув кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Идоралараро ишчи гуруҳининг дастлабки йиғилиши ўтказилди. Унда лойиҳани ишлаб чиқишда ишчи гуруҳнинг вазифалари ва келгусидаги ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишга халқаро эксперт сифатида Осиё Тараққиёт банки консультанти Жереми Бёрд, “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” маслаҳатчиси Милош Ульман, Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг илмий-ахборот маркази раҳбари Д.Зиганшина жалб қилинган.

Сув кодекси лойиҳасини 2022 йил 1 октябргача Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритиш режалаштирилган.

 

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА