Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув иншоотларидан самарали фойдаланиш зарур
17:26 / 2023-05-01

Сув – бу бебаҳо неъмат. Унинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Сувнинг инсон ҳаётидаги аҳамиятини ўзи катта бир мавзу. Лекин мавсумларда олинадиган хирмонлар тақдири, бепоён далаларимиз, боғ-роғларимизга керакли миқдорда оби ҳаётнинг етиб боришида дарёлар, канал ва ариқларнинг ўрни беқиёс.

Сирдарё вилоятидаги Гулистон сув иншоотлари ва "Дўстлик" канали бошқармаси тасарруфидаги "Дўстлик" канали Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари ҳудудидаги муҳим ва йирик сув иншооти ҳисобланади. Унинг умумий узунлиги 117 километрни ташкил этади. Шундан: 68 километри Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, 49 километри Қозоғистон Республикасида жойлашган. У Сирдарёдаги Фарҳод ГЭС нинг ташлама каналидан сув олади. Каналнинг сув ўтказиш имконияти 230 М³/С бўлиб, канал бошдан охиригача тупроқ ўзандан оқади. Каналда 6 та тўғон, сув сарфи 0,2 дан 50 М³/С гача бўлган 45 та шохобча каналлар ва 3 та эҳтиёт ташламалар қурилган.  

Канал тупроқ ўзандан оқиб ўтиши туфайли Гулистон шаҳрида заҳгарчилик меъёри кўтарилиб кетади. Бу ҳолат шаҳардаги бинолар, уй-жойларга ўзининг салбий таъсирини кўрсата бошлади. Давлатимиз томонидан "Дўстлик" каналининг Гулистон шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмини тўлиқ бетон қоплама билан реконструкция қилиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди. Канал суви тўхтатилиб, қолган сув насослар ёрдамида чиқариб ташланди. Реконструкция ишларига мамлакатимизнинг бир неча юзлаб малакали мутахассислари жалб этилди. 2 йил мобайнида каналнинг шаҳар ҳудудидаги 5 километрга яқин қисми тўлиқ бетонлаштирилди.  

Каналда Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги ва 2022 йил 22 январдаги қарорларига асосан реконструкция ва модернизация ишлари олиб борилмоқда. 2021-2023 йиллар давомида иншоотда жами 8 та сув тўсиш иншооти ва 8 та сув кўтариш механизмлари янгисига алмаштирилиб, хизмат кўрсатувчи портал кранда таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилди. Иншоот қўшимча жиҳозланди. Режадаги барча реконструкция ва модернизация ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда канал қирғоқларига муҳофаза қўрғончалари тортилиб замонавий тунги чироқлар ўрнатилди. Бетон йўлаклар ётқизилиб, манзарали ва мевали дарахтлар ўтқазилди, улкан ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шу тариқа канал бўйлари шаҳар аҳлининг севимли дам олиш масканига айланди.  

Шуҳрат Суяров,  

ЎзА мухбири