Ўзбекистон Республикаси Президенти “Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартиб солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.
Унга мувофиқ, 2024 йил 1 майдан бошлаб Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинади.
Дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олиш ҳуқуқи фақат "E-auksion" электрон савдо платформаси орқали реализация қилинади.
Мораторий даврида дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш натижасида табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.
Фармон билан Экология вазирлигига:
дарё ўзанларидан қум-шағал материалларини қазиб олишни "Хавфсиз дарё бошқармаси" давлат муассасаси, Давлат экологик назорат инспекцияси ҳамда Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаган ҳолда мониторинг қилиш ва бу борада доимий рейдлар ўтказиш, тартибни бузган шахсларга нисбатан чоралар кўриб бориш;
дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида норуда материалларни қазиб олиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган барча субъектлар томонидан тегишли мажбуриятларнинг бажарилишини қатьий назоратга олиш;
шартнома асосида реализация қилинган участкаларда дарё ўзанларини тозалаш ишлари якунланганидан сўнг, лойиҳа мажбуриятларининг бажарилишини жойида ўрганган ҳолда участкаларни қабул қилиш;
дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридаги бузилган ерларни босқичма-босқич рекультивация қилиш, табиий ландшафтни қайта тиклаш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларини мувофиқлаштириш вазифалари юклатилади.
2024 йил 1 апрелга қадар тоғ ва тоғолди ҳудудларида муқобил норуда фойдали қазилма конлари ва кичик саноат зоналарини ташкил қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.
Бунда:
дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида жойлашган норуда материалларни қайта ишлаш корхоналарини тоғ ва тоғолди ҳудудларига ёки ушбу ҳудудларнинг яқинида жойлашган кичик саноат зоналарига кўчириш;
тадбиркорлик субъектларига шарт-шароит яратиш мақсадида қўшимча кичик саноат зоналарини ташкил қилиш ва уларда муҳандислик- инфратузилма объектларини барпо этиш назарда тутилади.
2024 йил 1 октябрга қадар дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида норуда материалларни қазиш ҳамда дарё ўзанларини тозалаш ишлари олиб борилаётган участкаларда лойиҳадан четга чиқиш, ноқонуний қазиб олиш ҳолатларини аниқлаш ва тегишли маълумотларни ваколатли органларга тақдим этиш тизими яратилади.
Бунда:
Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги томонидан Экология вазирлигига - ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш учун ажратилган майдон доирасидан ташқарида ҳамда ноқонуний қазиб олинган фойдали қазилмалар ҳажмлари тўғрисида маълумотлар;
Экология вазирлиги томонидан Солиқ қўмитасига - ноқонуний қазиб олинган фойдали қазилмалар ҳажми тўғрисида маълумотлар тақдим этиб борилади.
2024 йил 1 июнга қадар халқаро ва маҳаллий олимлар ҳамкорлигида Чирчиқ дарёси ўзанини экологик реабилитация қилиш бўйича комплекс лойиҳа ишлаб чиқилади.
ЎзА