Ёз мавсуми келгач, куннинг иссиқ ҳарорати чўмилишга бўлган эҳтиёжни оширади. Шу сабабли, нафақат кичик ёшдагилар, балки ёши катталарни ҳам сузиш ҳавзаларида учратамиз. Чўмилиш масаласида қонун-қоидаларга риоя қилмаслик, айниқса ёш болалар сув ҳавзалари атрофида қаровсиз қолдирилиши чўкиш билан боғлиқ мудҳиш ҳолатларни келтириб чиқармоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 10 июнь куни Тошкент вилояти ФВБга Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи "Қорасув" дарёси ўртасида бир бола қолиб кетгани тўғрисида хабар келиб тушган. Маълум бўлишича, дарёга чўмилиш мақсадида борган бола сузиб ҳолдан тойган ва дарё марказидаги оролчага чиқиб олган. Сув оқимининг тезлиги юқори бўлгани сабабли орқага қайтишни имкони бўлмай қолган.

Мазкур ҳолат бўйича, Тошкент вилояти ФВБ қутқарувчилари зудлик билан айтилган манзилга етиб борган. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида оролчада қолиб кетган бола махсус анжомлар ёрдамида соғ-саломат қирғоққа олиб ўтилган.
Маълумки, айни ёз мавсумида чўкиш билан боғлиқ мудҳиш ҳодисалар учраб туради. Бундай фожиага асосан ота-оналар, катталар томонидан назорат бўшаштирилгани, маҳалла, мактаб, коллеж, академик лицей ва бошқа хизмат ходимларининг ёшлар орасида тушунтириш ишлари қониқарсиз олиб борилаётгани ҳамда болаларнинг суза олмасликлари сабаб бўлмоқда.
Шунга кўра, фалокатли вазиятлар келиб чиқмаслиги учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан республикамиз бўйлаб аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари, ўқув-семинари ташкил этилмоқда.
Жумладан, ҳудудларда чўкиш билан боғлиқ кўнгилсизликларнинг олдини олиш бўйича тушунчалар берилиб, сувда чўкаётган одамларни қутқаришда тўғри ҳаракатланиш, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қоидалари амалий тарзда кўрсатиб берилди.
Шунингдек, чўмилиш мумкин бўлмаган жойларга “Чўмилиш тақиқланади” мазмунидаги намунали эслатма ва огоҳлантириш материаллари жойлаштириб чиқилди.
Шуни эслатиб ўтиш зарурки, фақат қутқарув хизмати бўлган жойлардагина чўмилишга рухсат этилади. Шунда бахтсиз ҳодиса юз берса, чўкиш ҳолатлари юз берса, қутқарув хизмати тезда ёрдамга келади.
Чўкиш бу нафас йўлларининг сув ва бошқа суюқликлар билан тўлиб қолиши оқибатида юзага келадиган ҳолат бўлиб, чўмилишни чеклайдиган, кўпириб оқаётган сувга шўнғиш мумкин эмас.
Шунингдек, инсон ўзида чуқур чарчоқ сезганда, сувда узоқ вақт қолиб кетган ёки қорни оч бўлса, спиртли ичимлик истеъмол қилинган, чанқоқ ҳамда касаллик безовта қилаётган вақтларда чўмилиш ман этилади.
Очиқ сув ҳавзаларида сузишга ўрганишда, албатта, сувнинг чуқурлиги билан бирга, оқим тезлигини ҳам эътиборга олиш лозим. Оқим тезлиги дақиқасига 10 метрдан ошмаслиги зарур. Ёз ойларида фарзандларимизни сузишга ўргатиш вақтини тўғри танлаш керак. Айрим ота-оналар куннинг иссиқ пайтидагина, жумладан, 13:00-15:00 га қадар сузишга ўргатишга ёки чўмилишга рухсат беришади. Аслида эса эрталаб соат 10:00 дан 12:00 гача ва кечқурун соат 17:00 дан 19:00 гача чўмилиш жуда фойдали. Сабаби бу пайтда қуёшнинг ультрабинафша нурлари кўп бўлади. Чўмилиш муддати эса 5 дақиқадан 25-30 дақиқагача давом этиши мумкин.
Сув ҳавзаларида чўмилаётганда хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ҳамда фақат рухсат берилган сув ҳавзаларида чўмилиш талаб этилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА