Андижон вилоятида табиий сув ҳавзалари ҳимоя зоналари, сув фонди ерларидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар ижросини таъминлаш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 майдаги “Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида”ги фармонида назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида мавжуд сув фонди ер майдонларидан оқилона фойдаланиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотларга ер майдонларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш ҳамда мулк ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, “Норин – Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги 1 та дарё (143,6 километр) ҳимоя зонасига кирувчи 425,39 гектар ҳамда 5 та табиий сой (103,8 километр) бўйлаб 101,1 гектар соҳилбўйи ҳудудларини ажратиш бўйича хатлов ишлари якунланди.
– Юқоридаги ҳужжатлар ижроси доирасида тегишли вазирликлар ва вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ҳудудлардаги табиий сув объектлари – дарёлар, сойлар ҳамда бошқа сув иншоотларига туташ сув фонди ер майдонларини сув хўжалиги ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида расмийлаштириш ишлари белгиланган тартибда амалга оширилди, – дейди “Норин – Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Иқболжон Тоҳиров. – Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар томонидан жисмоний ва юридик шахслар билан тузилган сув фонди ерларидан фойдаланишга оид ижара шартномалари қайта кўриб чиқилди. Натижада ҳавза бошқармаси тизимидаги ташкилотлар томонидан жами 995 та шартнома белгиланган тартибда қайта расмийлаштирилди.
Амалга оширилаётган мазкур ишлар нафақат сув фонди ер майдонларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, балки дарё ва сойларнинг соҳилбўйи минтақалари ерларидан самарали, мақсадли ҳамда оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилмоқда. Жумладан, соҳилбўйи ерларининг аниқ чегараланиши ва ҳуқуқий расмийлаштирилиши орқали ерлардан фойдаланиш тизими тартибга солинмоқда. Шу билан бирга, соҳилбўйи минтақаларидаги сув фонди ерларида сув хўжалиги ташкилотлари томонидан ёрдамчи хўжалик сифатида фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Бу эса қўшимча иқтисодий фаолиятни йўлга қўйиш, мавжуд ер ресурсларидан унумли фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ташкилотларнинг молиявий барқарорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунга келиб, “Норин – Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда унинг қуйи ташкилотлари томонидан соҳилбўйи минтақаларидаги сув фонди ерларидан ёрдамчи хўжалик сифатида самарали фойдаланиш йўлга қўйилган.
Ташкил этилган ёрдамчи хўжаликларида 200 бошдан ортиқ қорамол, 4,5 минг бош қўй-эчки, 15 мингга яқин парранда (товуқ, ўрдак) парваришлаш, шунингдек, 11 гектар майдонда балиқчилик хўжаликлари ташкил этиш, 350 та асалари қутилари жойлаштириш, 56 гектар майдонга кузги ғалла, 30 гектарга сабзавот, 20 гектарга бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари, 60 гектар майдонга эса картошка экиш режалаштирилиб, уларни амалга ошириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Ана шу ишлар натижасида чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш йўналишларида барқарор фаолият йўлга қўйилади.
Юқоридаги каби ишлар сув хўжалиги ташкилотлари ходимлари учун қўшимча даромад манбаларини яратиш, аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги тармоқларини диверсификация қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, соҳил бўйи ерларида кўкаламзорлаштириш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, терак қаламчалари тайёрлаш, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда. Бу орқали соҳилларни мустаҳкамлаш, ерларнинг эрозияга учрашининг олдини олиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий самара олиш имкониятлари кенгаймоқда.
Умуман, сув фонди ерларини ҳуқуқий расмийлаштириш, сув ҳавзалари ҳимоя зоналаридан самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар Андижон вилоятида сув хўжалиги тизимини ривожлантириш, иқтисодий самарадорликни ошириш ҳамда экологик мувозанатни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари