Сув – ҳаёт манбаи, табиатнинг бебаҳо неъмати. Сайёрамиздаги ҳар бир мавжудот: инсон, ҳайвон ёки ўсимликлар сувсиз ҳаёт кечира олмайди. Ер юзининг 70 фоизи сув билан қопланган бўлса-да, унинг атиги 1 фоизигина ичимликка яроқли экани инсониятни жиддий ўйлантириши лозим.
Аҳолининг ўсиши, саноат ва қишлоқ хўжалигининг ривожланиши натижасида сув ресурсларига бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда. Бугун сув танқислиги нафақат жаҳон мамлакатларини, балки Ўзбекистонни ҳам жиддий ташвишга солаётган глобал муаммолардан бирига айланди.
Афсуски, айрим ҳолларда ҳали ҳам жамиятда сувга бўлган муносабатда беэътиборлик кузатилади. Бобокалонларимиз “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деб бежиз айтмаган. Ваҳоланки, жўмракдан оқиб турган ҳар бир томчи сув секин-аста йўқолиб бораётган бойлигимиздир.
Масалан, очиқ қолдирилган жўмракдан бир дақиқада ўртача 6-15 литр сув беҳуда сарф бўлади. Автомашиналарини ювиш учун ўнлаб литр тоза ичимлик сувини сарфлаётган баъзи фуқаролар қайсидир ҳудудларда одамлар соатлаб сув келишини кутаётгани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаса керак. Қишлоқ хўжалигидаги эгатлаб суғориш тизимларининг самарасизлиги эса сувнинг катта қисми ерга сингиб кетишига, натижада ер шўрланиши ва ҳосилдорликнинг пасайишига сабаб бўлади.
Шунингдек, аҳоли ўртасида ичимлик ва оқова сувлар бўйича қарздорлик ҳам ортиб бормоқда. “Ўзсувтаъминот” компанияси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки ярим йиллигида истеъмолчиларнинг умумий қарздорлиги миллиардлаб сўмни ташкил этиб, унинг асосий қисми аҳоли ҳиссасига тўғри келмоқда. Аслида фойдаланилаётган сув учун ҳақ тўламаслик – бу нафақат иқтисодий, балки маънавий жиҳатдан ҳам бебаҳо бойлигимизга нисбатан эътиборсизликдир.
Бугун Ўзбекистонда мавжуд сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида сарфланади. Шуни ҳисобга олган ҳолда Президент ташаббуси билан 2019 йилдан бошлаб сувни тежовчи замонавий технологиялар жорий этилмоқда. Ҳозирги кунда 558 минг гектар ерда томчилатиб суғориш, 88 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш, 59 минг гектарда эса дискрет суғориш тизимлари қўлланилмоқда. Илгари бу тизимлар учун ускуналар хориждан келтирилган бўлса, бугун уларнинг катта қисми мамлакатимизда маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилмоқда.
2023 йилда ташкил этилган “Сувчилар мактаби” эса соҳадаги мутахассисларнинг малакасини оширишда муҳим қадам бўлди. Барча вилоятларда замонавий ўқув хоналари ва сувни тежовчи технологиялар билан жиҳозланган тажриба майдонлари барпо этилди. Шу орқали 70 мингдан зиёд фермер хўжалиги раҳбарлари ҳамда сув хўжалиги ходимлари қисқа муддатли курсларда билим ва кўникмаларини оширди.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 30 июль куни имзоланган янги Сув кодекси эса соҳадаги ҳуқуқий асосларни тубдан янгилади. 6 бўлим, 29 боб ва 165 моддадан иборат мазкур ҳужжатда сув ресурсларини бошқариш, улардан умумий ва махсус тарзда фойдаланиш, сув фонди ерлари ҳамда соҳани тартибга солувчи вазирлик ва идоралар фаолияти белгиланган. Кодекс 31 октябрдан амалга кирди.
Сув – энг муҳим ҳаётий ресурс. Ундан оқилона фойдаланиш ва ҳар бир томчисини авайлаш фақат давлат органлари ёки экологлар эмас, балки бутун жамиятнинг бурчидир. Сувни тежаш табиатни, инсон ҳаётини ва келажакни асраб қолиш демакдир.
Лола Тоштемирова,
ЎзЖОКУ талабаси