Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув билан ҳазиллашиб бўлмайди
17:35 / 2025-07-30

Сирдарё вилоятида жорий ёз мавсуми бошидан буён 4 та, 2024 йил давомида эса 9 та чўкиш ҳолати қайд этилган. Умумий ҳисобда 14 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.

Фожиаларнинг асосий сабаблари маълум: рухсат этилмаган жойларда чўмилиш, болаларни қаровсиз қолдириш, маст ҳолда сувга тушиш, сузиш кўникмасининг йўқлиги ва хавфсизлик қоидаларига амал қилинмаслиги.

– Ҳар бир йўқотиш —маълум бир оиланинг аъзолари юрагига урилган кучли зарба бўлиб, бу зарбанинг оғриғи узоқ вақтгача йўқолмайди. Ота-онанинг елкасига абадий юк бўлиб қоладиган синовга айланади, – дейди Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Асрор Газиходжаев. – Бундай фожиалар оддий эҳтиётсизлик, болаларга нисбатан лоқайдлик ва масъулиятсиз муносабат оқибатида рўй бермоқда. Ҳар бир ота-она фарзанди ҳаёти учун жавобгар эканини доимо ёдда тутиши шарт. Сувдаги бир дақиқалик беэътиборлик — бутун умрлик пушаймонликка сабаб бўлиши мумкин.

Ана шундай қайғули ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жойларда кенг қамровли профилактик ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда 578 марта тарғибот учрашувлари ташкил этилиб, 9 минг нафарга яқин ёш қамраб олинди. Шунингдек, 530 та профилактик рейд ўтказилиб, 8 минг нафарга яқин фуқарога тавсиявий варақалар тарқатилди. 22 мингдан зиёд шахс билан шахсий мулоқотлар ташкил этилди.

Оммавий ахборот воситалари орқали аҳолини хабардор қилиш ишлари ҳам изчил олиб борилмоқда. Жумладан, 30 та теледастур, 300 дан ортиқ радиочиқиш, 1 200 тадан зиёд интернет материаллари ва юзлаб мақолалар орқали кенг жамоатчиликка мурожаат қилинди. Шунингдек, 6 000 дан зиёд буклет ва ёдномалар тарқатилди.

Текширувлар жараёнида рухсат этилмаган 52 та чўмилиш ҳудуди ҳамда фермер хўжаликларидаги 30 дан ортиқ сунъий сув иншооти аниқланиб, улар бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилди.

Мутасадди идоралар аҳолини фақат махсус белгиланган, қўриқланадиган хавфсиз чўмилиш жойларидан фойдаланишга чақирмоқда. Эсда тутинг, сув билан ҳазиллашиб бўлмайди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири