Жиззах вилоятида сув ресурсларидан тўғри фойдаланиш ва ирригация тизимини мустаҳкамлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу жараён, аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 сентябрдаги “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 декабрдаги “Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида” ги қарорлари ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Сангзор дарёси ва ундан сув олувчи каналлар ўзанларини тозалаш ҳамда қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари вилоятда сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишда муҳим босқич ҳисобланади.
Хусусан, Шароф Рашидов туманидаги “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси томонидан “Олмачи” каналида олиб борилаётган бетонлаштириш ишлари ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Лойиҳа доирасида сув йўқотилишини кескин камайтириш, ирригация иншоотларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш ҳамда каналларнинг барқарор фаолиятини таъминлаш кўзда тутилган. Бугунги кунга қадар объектнинг 600 метр қисмида бетон ишлари якунига етказилиб, канал ва қирғоқларнинг чидамлилиги ҳамда мустаҳкамлиги таъминланди. Барча ишлар лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Қурилиш жараёнларига 3 та экскаватор, 1 та булдозер ва 5 та махсус техника жалб этилган. Замонавий техникалар ёрдамида канал ўзани тозаланиб, асосий қатлам зичланмоқда, бетон қуйиш эса юқори сифат талаблари асосида бажарилмоқда. Жараёнларда 40 нафар малакали ишчи-ходимлар иштирок этиб, хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда куну-тун меҳнат қилмоқдалар.

Лойиҳа тўлиқ якунлангандан сўнг, “Олмачи” каналида сув таъминоти янада барқарорлашиб, суғориладиган майдонларда сув тақсимоти яхшиланади. Энг муҳими, сув йўқотилиши камайиб, Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов тумани ва яқин ҳудудларда қишлоқ хўжалиги учун қулай шарт-шароит яратилади. Бу эса янги қарорлар руҳини амалда намоён этган ҳолда, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш маданияти ва тизимининг янада такомиллашишига хизмат қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари