English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сусткашликка чек қўйиш вақти келди
15:37 / 2026-01-09

Сирдарё вилоятида спорт таълим муассасалари фаолиятига нисбатан талаб ва масъулият янги босқичга кўтарилмоқда. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида ўтказилган йиғилиш ана шу қатъий ёндашувнинг яққол ифодаси бўлди.

Унда спорт мактабларида мураббийлар фаолияти, машғулотлар сифати ҳамда селекция ишларининг ҳолати атрофлича таҳлил қилиниб, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар очиқ ва танқидий руҳда муҳокама қилинди.

Йиғилишда билдирилган кескин танқидлар ва белгиланган аниқ вазифалар асосида вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов раҳбарлигида ишчи гуруҳ ташкил этилди. Мазкур гуруҳ Ховос туманидаги 1- ва 2-сонли  спорт мактабларида ҳолатни жойида баҳолади. Ўрганишлар натижалари спорт мактаблари раҳбарлари ва мураббийлар иштирокида ўтказилган йиғилишда яна бир бор жиддий ва принципиал муҳокама қилинди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, сўнгги йилларда олимпия спорт турлари бўйича натижалар кескин пасайган. Терма жамоалар учун истиқболли спортчилар захирасини шакллантириш, унвонли спортчилар тайёрлаш ва машғулотларни замонавий ҳамда илмий асосда ташкил этиш бўйича қатор спорт мактабларида жиддий сусткашликка йўл қўйилган. Айрим мураббийларнинг ишга формал ёндашуви натижадан кўра жараён билан чекланиб қолиши кескин танқид остига олинди.

Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан қатъий чоралар кўрилди. Жумладан, 8 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди, 13 нафар ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилди. Шунингдек, машғулотлари қониқарсиз деб топилган 9 нафар мураббийнинг машғулот гуруҳлари тугатилди. Бу қарорлар соҳадаги масъулиятсизлик ва бефарқликка нисбатан муросасиз муносабатнинг яққол белгиси бўлди.

Йиғилиш давомида ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Ховос тумани 1-сонли спорт мактаби директори вазифасини бажарувчи этиб, вилоят Спорт бошқармасининг Ихтисослаштирилган спорт мактаблари билан ишлаш бўлимининг бошлиғи Эркин Йўлчиев тайинланди. Унга қисқа муддатда муассаса фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, машғулотлар сифатини ошириш ва натижадорликни таъминлаш вазифаси юклатилди.

Йиғилиш якунида соҳа масъуллари спорт мактабларида мавжуд муаммоларни кечиктирмасдан бартараф этиш, селекция ишларини кучайтириш, мураббийлар малакасини ошириш ва энг муҳими — натижага йўналтирилган самарали тизимни шакллантириш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Бу жараёнда барча ходимлар шахсий манфаатлардан устун қўйилган, бир мақсад сари интилувчи ягона жамоа сифатида ишлаши лозимлиги қайд этилди.

Мазкур танқидий йиғилиш спорт соҳасида фақат ҳисобот учун эмас, балки аниқ натижа ва юқори марралар учун ишлаш даври бошланганини кўрсатди. Энди эса соҳада сўз эмас, амал, ваъда эмас, натижа ҳал қилувчи мезон бўлиши шарт.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири