Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхоннинг энг ишбилармон аёллари сараланди
19:04 / 2023-08-21

Термизда ЎзЛиДеП Сурхондарё вилояти кенгаши Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳамда вилоят касаба уюшмалари кенгаши ҳамкорлигида мустақиллигимизнинг 32 йиллигига бағишлаб “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Ишбилармон аёл-2023” кўрик-танловининг республика ҳудудий босқичини ўтказди. Унда танловнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган фермер, тадбиркор, ҳунарманд хотин-қизлар иштирок этди.

Хотин-қизларни оилавий тадбиркорлик, ҳунармандлик ва фермерликка жалб этиб, бандлигига кўмаклашиш орқали ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорини рўёбга чиқариш, ташаббусларини рағбатлантиришга хизмат қилаётган анъанавий танлов ҳар йили янги ишбилармон аёлларни кашф этаётгани билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда.  

Кўрик–танлов низомига мувофиқ унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 15 нафар иштирокчи маҳсулотлари кўргазмаси кенг намойиш этилди. Кўргазмада ишбилармон аёлларнинг қишлоқ хўжалиги ва қандолат маҳсулотлари, тикувчилик-бичувчилик, ёғоч ўймакорлиги, гиламдўзлик ва бошқа ишлаб чиқарган тайёр буюмлари кенг намойиш этилди.  

—Кўп йиллардан буён гулчилик ва тикувчилик билан шуғулланиб, кўплаб шогирд тайёрладим, — дейди Қумқўрғон тумани Меҳрабод маҳалласидаги «Begoyim Nafosat» хусусий корхонаси раҳбари Нилуфар Мусурмонова. — Ҳозир табиий гуллар билан бирга сунъий гуллардан ҳам декоратив буюмлар ясаб, сотяпмиз. Бугунги кунда бу маҳсулотимиз ҳам харидоргир. Шунингдек, иккита тикувчилик цехи очганмиз. Яқинда тўқув иплари ёрдамида қўғирчоқлар ясашни йўлга қўйдик. Маҳалладаги 50 нафар кишини иш билан таъминлаганман. Уларнинг аксарияти дафтарларда рўйхатда турадиган аёллар ва ёшлардир. Келажакда ҳунармандчилик маркази очишни ҳам режалаштирганмиз. Бугун ана шу тайёр маҳсулотларим билан “Ишбилармон аёл–2023” кўрик-танловида иштирок этдим. Албатта, партиянинг тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаётгани бизга янада куч ва шижоат бағишлайди.  

Танловда ҳакамлар ҳайъати иштирокчилар намойиш этган маҳсулотлар, корхона фаолиятига оид ролик ва тегишли ҳужжатлар билан танишди. Ҳар бир номзод ишлаб чиқараётган маҳсулоти, унинг сифати, яратган иш ўрни ва сотуви, экспорт ҳажми ҳақида маълумот берди.  

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Музработ туманидаги “Тилов Ҳожи” кўп тармоқли фермер хўжалиги раисаси Шоира Тиловова кўрик-танловнинг ҳудудий республика босқичи ғолиби, деб топилди.  

— 100 гектар майдонда пахта ва ғалла етиштириш баробарида бошқа тармоқларни ҳам ривожлантиряпмиз, — дейди тажрибали фермер Шоира Тиловова. —Мош, ловия, гуруч етиштиришни йўлга қўйганмиз. Иссиқхона ташкил қилиб, помидор, бодринг, булғор қалампири етиштирамиз. Тикувчилик цехимизда 12 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Хўжалигимизнинг барча тармоғида 70 дан ортиқ киши иш билан банд. ЎзЛиДеПнинг мазкур кўрик-танловида ғолибликни қўлга киритганимдан қувончим чексиз. Мендек бир қишлоқ аёлининг меҳнатини қадрлаб, муносиб баҳо беришгани жамоамизга янги куч-қувват берди. Тадбиркор аёллари ҳар тарафлама қўллаб–қувватланаётган  жамиятда яшаётганимдан фахр ҳиссини туйдим.  

Кўрик-танловда Денов туманидаги “Saodat Denov Textile” хусусий корхонаси раҳбари Зарина Тошмуратова иккинчи, Қумқўрғон туманидаги “Begoyim Nafosat” хусусий корхонаси раҳбари Нилуфар Мусурмонова учинчи ўринни эгаллади.  

Ғолиблар диплом ва пул мукофоти билан тақдирланди.    

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири