Яқин танишларимдан бирининг ўғли хориждан келди. У Кореяда ўқийди. Сурхондарёга келмаганига икки йилдан ошибди. Мамлакатимизда юз бераётган янгиланишлар, Кореядаги ҳаёт, таълим тизими, одоб-ахлоқ каби мавзуларда анча гурунглашдик. Суҳбат орасида унинг Сурхондарё ҳақидаги таассуротлари билан қизиқдим.
Қисқа вақтда Сурхондарё ўзгариб кетибди, деди у. Сиз буларни ҳис этмаслигингиз мумкин. Чунки, кунлик ўзгаришлар ичкарисида яшаяпсиз, нафас оляпсиз. Кўзингиз кўникиб қолган. Икки йилдан ортиқ бу юртда бўлмаганим учун юз берган ўзгаришлар менинг кўзимга дарҳол ташланди. Ўнқир-чўнқир йўлларнинг равонлашгани, шаҳару қишлоқларда қурилган кўп қаватли уйлар, янги замонавий хизмат кўрсатиш иншоотлари, таълим муассасаларини кўриб, ҳайратландим. Гапнинг рости икки йилда воҳада бундай янгиланиш бўлишини кутмаган эдим.


Чет элда таълим олаётган талабанинг гапларини сокин бош ирғаб маъқуллаяпману, бехосдан кўз олдимда сурхондарёликларнинг бундан саккиз йил аввалги ва ҳозирги турмуши гавдаланди. Гапини якунлагач, Президентимизнинг вилоятга сўнгги йилларда қаратаётган беқиёс эътиборлари билан Сурхон воҳаси ростдан ҳам бугун улкан бунёдкорлик майдонига айланганини айтишу, бу ишларнинг ўз-ўзидан бўлмаётганини тушунтириш билан чекландим, холос.


Мамлакатимизда инсонни улуғлаш олий қадриятга айланган ҳозирги пайтда юз бераётган янгиланишларга кўзимиз кўникиб қолгани рост. Энди осмонўпар уй қурилиши ҳам, кенг, равон йўл барпо этиш ҳам, ижтимоий соҳа объектларини тубдан реконструкция қилишу, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳам бизни ҳайратлантирмай қўйди. Сабаби буларнинг барчаси кундалик одатий ишга айланди. Бу ишларга нафақат кўзимиз, балки бутун вужудимиз кўникиб қолди. Ваҳоланки, Янги 2025 йилнинг кириб келишига саноқли кунлар қолганида ҳам вилоятда ўндан ортиқ янги иншоот фойдаланишга топширилиб, қатор янги объектга тамал тоши қўйилди. Масалан, Термиз шаҳридаги “Тинчлик” ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида “саноат ипотекаси” асосидаги лойиҳалар ишга тушди. Шеробод туманидаги Дўстлик маҳалласида 70 оила Янги йилни янги уйда кутиб оладиган бўлди. Бандихон туманидаги “Бектепа” ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси, “Бандихон агрокластер” масъулияти чекланган жамиятининг 18,4 миллион доллар қийматидаги сунъий тола аралашмали ип-калава ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилди. Бойсун туманида тубдан реконструкция қилинган қарийб 35 километр ички йўл тоғли ҳудуд аҳолисининг узоғини яқин, мушкулини осон қиладиган бўлди.

Термиз шаҳрида Янги йилга туҳфа қилинган “Ёшлар ва туризм кўчаси” вилоят маркази аҳолиси ва меҳмонлар билан ҳамиша гавжум бўладиган замонавий масканга айланди.
Бу кириб келаётган “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”га совға қилинган янги иншоотларнинг барчаси эмас. Ҳали жойларда топшириладиган объектлар бор. Ваҳоланки, Янги йил шукуҳи эсаётган шу кунларда Сариосиё туманидаги “Сангардак”, Бойсун туманидаги “Омонхона” туризм қишлоқлари, Жарқўрғон туманидаги “Оқтепа” сув омборининг қирғоқ бўйида янги туристик марказлар ва бошқа иншоотлар қурилишига илк тамал тоши қўйилгани ҳам воҳада қурилиш янги босқичда ривожланиб, вилоятда етакчи тармоққа айланганини кўрсатмоқда.
Шу ўринда рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, жорий йилда вилоят бунёдкорлари 9 триллион 400 миллиард сўмликка яқин қурилиш ишларини амалга оширди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 108 фоизга ўсиш кузатилганидан дарак беради. Йил давомида воҳада 130 га яқин мактаб, 26 та боғча, 30 дан зиёд тиббиёт муассасаси, 2 та олий таълим муассасасида ўқув биноси, 13 та маданият ва спорт, олтита сув иншооти, 500 километрга яқин сув тармоғи, 500 километрдан ортиқ узунликдаги йўл ҳамда электр энергияси, ирригация-мелиорация ва бошқа объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиб, юрт ободлиги, аҳоли фаровонлиги учун хизмат қила бошлади.
Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича 99 та объектда 105 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Бешта туманда “Янги Ўзбекистон” массивлари ва уй-жойга талаб юқори бўлган ҳудудларда юздан ортиқ кўп қаватли турар-жой бунёд этилиб, тўрт мингдан ортиқ оила янги уйли бўлди.
Жойларда амалга оширилаётган бундай улкан бунёдкорлик ишлари эндиликда юртимизга келиб, ҳавас билан боқаётган хорижлик сайёҳлару, қўшни давлатлардан қадами узилмайдиган азиз меҳмонларимизнинг ҳам эътиборига тушмоқда. Барча ислоҳотлар инсон қадри ва одамларнинг турмуш шароитини тубдан ўзгартиришга хизмат қилаётгани эътироф этилмоқда. Яқинда Бойсун туманида кафтдек текис таъмирланган йўлнинг фойдаланишга топширилишида сўзга чиққан меҳнат фахрийси Раҳматулло бобо Шоймардонов ҳам даврадагиларга қўшни давлатда меҳмонда бўлганида таниш-билишларининг шу ҳақда берган гурунгларини фахр билан айтиб берди.
– Тожикистондаги танишларимдан бирининг уйида меҳмон бўлдим, – деди Р.Шоймардонов. – Гап айланиб, Ўзбекистонга келганида улар мамлакатингиз кечаги Ўзбекистон эмас, ҳавас қиладиган Ватанга айланмоқда, дейишди. Барча ён қўшнилар билан қадимий дўстлик алоқалари янги босқичда ривожланаётир. Чегаралар очилиб, борди-келдиларимиз кенг йўлга қўйилди. Ўзбекистоннинг шаҳрига борасизми, чекка қишлоғигами, йил сайин обод бўлиб кетаётгани кўзга ташланади. Замонавий уйлар, тубдан таъмирланаётган кенг, равон йўллар баҳри-дилингизни очади. Ҳамма нарса халқ фаровонлиги учун яратилаётганига гувоҳ бўласиз. Шундай шароитларни яратиб бераётган Президентингиз билан ҳар қанча фахрлансангиз арзийди.
Ўтаётган йилга якун ясалаётган, остонадаги Янги йил режалари тузилаётган бир паллада бундай илиқ гапларни эшитиш қандай ёқимли? Турмушимизни ўзгартираётган бу ишлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолаётгани йўқ. Катта маблағ ва машаққатли меҳнат эвазига барпо этилмоқда. Буларнинг барчаси халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадидаги асрий орзуларини рўёбга чиқариш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири