Сурхондарёликлар Қозонда 209,1 миллион долларлик шартнома тузди
Аввал хабар берганимиздек, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегация аъзолари Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида “Ўзбекистон–Россия ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича III форуми” доирасида ташкил этилган Татаристон саноат салоҳияти кўргазмаси билан танишди.
Ҳудудлар ўртасида ўзаро иқтисодий-инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, ҳамкорликдаги янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан музокаралар ўтказилиб, қатор келишувларга эришилди. 209,1 миллион долларлик савдо ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди.


Сафар чоғида, шунингдек, Қозон шаҳридаги кўп қаватли турар-жой биноларига хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компанияларининг иш фаолияти кўздан кечирилди. Тажриба алмашилиб, хизматлар кўрсатишда жорий этилаётган янги лойиҳалар билан танишилди. Ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиб, вилоятдаги бошқарув сервис компанияларида Татаристон лойиҳаларини амалга оширишга келишилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири