Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёликлар автомагистраль йўл бўйлаб “яшил белбоғ” барпо этмоқда
11:36 / 2025-11-25

Сурхондарё вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми доирасида дарахт ва бута кўчатлари экилмоқда. Яшил бойликлар аввалдан танланган, тупроқ ва иқлим шароитига мос, суғориш имконияти мавжуд майдонларга ўтқазилмоқда.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Ангор туманида автомагистраль йўли бўйлаб, ташкил этилаётган “яшил белбоғ” лойиҳасини бошлаб берди.  

Автомагистраль йўл бўйида яратиладиган махсус тайёрланган майдондаги боғ суғориш тизими ва парваришлаш учун барча имкониятларга эга бўлади. Мутахассислар бу лойиҳа орқали ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминлаш, ҳаво тозалигини яхшилаш ва чангли шамолларнинг аҳоли ҳамда экотизимга салбий таъсирини камайтиришини айтмоқда.  

Вилоят раҳбари шу ернинг ўзида “Яшил макон” лойиҳасининг кузги мавсумида амалга оширилиши мўлжалланган юмушларни атрофлича муҳокама этди. Ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг ахборотлари тингланиб, дарахт ва бута кўчатлари экишни сифатли, манзилли ташкил этиш, ўтқазилган ҳар бир кўчатнинг парвариши учун масъулларни бириктириб, ривожланишини алоҳида назоратга олиш топширилди.  

Маълумотларга кўра, Ангор туманидаги серқатнов йўл бўйлаб, кузги мавсумда ўн миллион дона турли манзарали ва мевали дарахт кўчатларини ўтқазиш режалаштирилган.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири