Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Унда сайлов участкаларининг жойлашуви юзасидан шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг тақдимномаларига мувофиқ вилоятда 865 та сайлов участкасини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Сайлов участкаларининг тартиб рақамлари, чегаралари, манзиллари кўрсатилган рўйхати тасдиқланди.
Сайлов кодексида участкалар сайловга камида олтмиш кун қолганида қоида тариқасида сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда тузилиши белгилаб қўйилган.

Сайловни юксак савияда ўтказиш учун аҳолига қулай бино ва иншоотлар танлаб олинган. Жумладан, сайлов участкаларининг 696 таси умумтаълим мактабларида, 61 таси касб-ҳунар коллежлари, лицей ва техникумларда, 27 таси маданият ва спорт иншоотларида, 17 таси ҳарбий қисмларда, 16 таси тиббиёт ва дам олиш масканлари, санаторияларда, 8 таси маҳалла фуқаролар йиғинларида, 39 таси бошқа биноларда жойлашган.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири