Термизда ҳам Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кенг нишонланди. Тантанали маросимда вилоят ҳокими У.Қосимов тадбир қатнашчилари ва барча қалам аҳлини касб байрами билан табриклади.
– Соҳада юз берган ўзгариш ва янгиланишларнинг барчаси кейинги йилларда мамлакатимизда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир, – деди вилоят раҳбари. – Бундан олти-етти йил аввал жамиятимизда бугунгидек очиқлик, ошкоралик бормиди? Сўз эркинлиги тилда бўлса-да, бироқ, муаммоларни очиқ-ойдин танқид қилишга ҳозиргидек дилда хоҳиш-истак бормиди? Йўқ, албатта! Эндиликда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда фикрлар хилма-хиллиги юз бермоқда. Ҳаққонийлик, холислик бош мезонга айланмоқда. Жамиятдаги муаммо ва камчиликлар рўй-рост очиб ташланмоқда. Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари ходимларининг иш шароитини яхшилаб, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, турмуш даражасини юксалтириб, меҳнатларини муносиб рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда вилоятдаги 34 та босма даврий нашр, 2 та телевидение, 1 та радиоканал, 4 та босмахона ва нашриёт, 6 та веб-сайт, 60 га яқин матбаа корхонасида 400 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. 60 га яқин давлат ва жамоат ташкилотларининг ахборот хизмати фаолияти йўлга қўйилган. Ўндан ортиқ республика оммавий ахборот воситаларининг вакиллари воҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, юз бераётган янгиликларни юртимиз аҳолиси ва дунё аҳлига тезкор етказмоқда.
Тантанали маросимда оммавий ахборот воситаларининг бир гуруҳ вакиллари, ахборот хизматлари ходимлари ва блогерларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири.