Сурхондарёда “SMM AI Savodxon” ўқув курсини тугатган бир гуруҳ тингловчиларга сертификат топширилди.
Ўқув курси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун контент тайёрлаш маркази, “Aloqabank” акциядорлик тижорат банки ва “Mayoq Academy” нодавлат таълим муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Машғулотлар ёшларнинг замонавий касбларга бўлган қизиқишини ошириб, уларни рақамли соҳада фаол бўлишга ундашга, шунингдек, SMM (Social Media Marketing) ва сунъий интеллект (AI) технологияларидан самарали фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Тингловчилар олти ҳафталик ўқув жараёнида ижтимоий тармоқларда маркетинг юритиш, сифатли контент яратиш, аудитория билан самарали ишлаш, сунъий интеллект ёрдамида креатив ва рақамли маҳсулотлар тайёрлаш бўйича бепул назарий ҳамда амалий билимга эга бўлаётир.

– Шу пайтгача контент тайёрлаш ва видеоларни ижтимоий тармоқларда тўғри жойлаштириш бўйича етарли кўникмага эга эмасдим, – дейди тингловчи Шамсиддин Баҳромов. – “SMM AI Savodxon” ўқув курсида ўқиб, таргет реклама қўйиш, сунъий интеллектда ишлаш, видеороликларни тўғри тайёрлашни ўргандим. Эндиликда бу билимлар менга сифатли контент яратишда катта ёрдам бермоқда. Бундан жуда мамнунман. Соҳага қизиқадиган бошқа тенгдошларимга ҳам ўқув курсида назарий ва амалий билимларини мустаҳкамлашни тавсия этаман.


Айни пайтда “SMM AI Savodxon” ўқув курсининг иккинчи мавсум тингловчилари учун машғулотлар бошланди. Лойиҳа доирасида дарслар онлайн видео форматда олиб борилмоқда. Офлайн амалий мастер-класслар ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири