Термиз шаҳар якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган мактабда дзюдо бўйича ўқув-йиғин машғулоти бўлиб ўтмоқда.
Унда Сурхондарё вилоятининг туманлари ва Термиз шаҳридан саралаб олинган энг иқтидорли ўсмир ўғил-қизлар иштирок этмоқда. Машғулотларда япониялик 5-DAN қора белбоғ соҳиби, халқаро лицензияга эга тажрибали мураббий Жунна Кикучи маҳорат сабоқларини ўтмоқда.


Вилоят дзюдо федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган машғулотлар чоғида ёш спортчилар япон дзюдо мактабининг илғор усуллари ва жанговар тажрибасини қунт билан ўзлаштираётир. Амалий кўникмаларини мустаҳкамламоқда.

Машғулотлар белгиланган дастур асосида ҳар куни икки маҳал қизғин баҳсларга бой тарзда ўтказилмоқда. Кунчиқар мамлакатдан келган моҳир мураббийдан сабоқ олаётган ёш дзюдочилар нуфузли жаҳон мусобақаларида Ўзбекистон байроғини фахр билан баланд кўтаришни мўлжалламоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА