English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёлик хотин-қизлар учун рақамли имкониятлар форуми ўтказилди
15:41 / 2025-12-24

Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида “Рақамли дунёда хотин-қизлар иштироки ва IT соҳасидаги имкониятлар” мавзусида форум бўлиб ўтди. Тадбир Рақамли технологиялар вазирлиги ташаббуси, IT Park, Рақамли таълимни ривожлантириш маркази ҳамда Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази ҳамкорлигида ташкил қилинди.

Форумда Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова иштирок этиб, хотин-қизлар учун ахборот технологиялари соҳасида мавжуд имкониятлар кенг эканини таъкидлади.  Шу имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали хотин-қизларнинг касбий салоҳиятини янада ошириш муҳимлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, Таълим ташкилотлари ва масофавий таълимни ривожлантириш бўлими бошлиғи ўринбосари Илҳом Жўраев рақамли таълим соҳасидаги имкониятлар, хотин-қизларнинг таълимдаги иштироки ҳамда замонавий йўналишларни ўзлаштириш бўйича фойдали онлайн манбалар ҳақида маълумот берди.

Форум доирасида Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази бош мутахассиси Фазлиддин Тожибоев генератив сунъий интеллект воситалари билан ишлаш, уларни таълим ва амалиётда самарали қўллаш бўйича муҳим тавсиялар билан ўртоқлашди.

Тадбир якунлари бўйича IT Park етакчи мутахассиси Обиджон Зоҳиджонов томонидан сунъий интеллект ёрдамида видео ва фото контент яратиш бўйича амалиёт машғулоти ўтказилди. Шунингдек, форумда фаол иштирок этган хотин-қизларга ахборот технологиялари бўйича билим ва кўникмаларини янада ривожлантириш мақсадида бепул таълим учун ваучерлар топширилди.

Ушбу форум сурхондарёлик хотин-қизларни ахборот технологиялари соҳасига кенг жалб этиш, уларнинг рақамли кўникмалари ва касбий билимларини оширишга хизмат қилганлиги билан аҳамиятлидир.

Н.Раҳмонова, ЎзА