Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёлик тадбиркорлар Европа иттифоқининг GSP+ тизими асосида маҳсулот экспорт қилади
12:51 / 2022-07-06

Ўзбекистонга Европа иттифоқининг преференциялар бош тизими (GSP+) бўйича бенефициар давлат мақомининг берилгани унинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти ва ушбу тизим доирасидаги имтиёзларни республикада самарали қўллаш юзасидан тизимли ишларни амалга оширишни тақозо этди.

Шунга мувофиқ айни пайтда тизим доирасидаги имтиёзлар Сурхондарё вилоятидаги тадбиркорларга етказилмоқда. Хўш, GSP+ ўзи қандай тизим? Бу мақом ривожланаётган мамлакатга қандай тартиб ва талаб асосида берилади?  

Айтиш керакки, бу – преференцияларнинг бош тизими бўлиб, ривожланаётган мамлакатлардан ривожланган мамлакатлар бозорларига экспорт қилинадиган товарларга божхона тарифларидан имтиёзлар беришни назарда тутади. Барча турдаги саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қамраб олади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо мамлакатлар, хусусан, АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония, Канада, Австралия, Швейцария каби давлатлар томонидан тақдим этилади. 

Хорижий мамлакатларга GSP+ доирасидаги имтиёзларни тақдим этиш жараёни Европа парламенти ва Европа Иттифоқи Кенгашининг махсус регламенти талабларига асосан тартибга солинади. Мазкур регламент талабларига кўра, GSP+ доирасидаги имтиёзларни қўлга киритиш қатор шартлар билан амалга оширилиб, улардан бири бу мамлакат 27 та жумладан, 7 та инсон ҳуқуқлари, 8 та меҳнат стандартлари, 8 та атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, 4 та самарали давлат бошқаруви соҳасида халқаро конвенцияларни ратификация қилиб, мажбуриятларини самарали бажариш лозим бўлади.  

GSP регламенти GSP+ олувчиларининг мажбуриятларини доимий кузатиб боради. Европа Иттифоқи ўрнатган тартибга кўра, мамлакат мазкур тизим доирасидаги имтиёзларни олиш бўйича расмий аризани юқорида келтирилган халқаро конвенциялар тўлақонли ратификация қилингач, тақдим этади. Мамлакатимиз ариза бергунча бўлган вақтда Европа Комиссиясининг республикадаги миллий қонунчилик нормалари халқаро конвенциялар талабларига мувофиқлиги юзасидан расмий саволномасига тегишли вазирлик ва идораларнинг батафсил жавоби берилган. Европа Комиссияси бу саволномани кўриб чиқиш якунлари бўйича ижобий хулоса бергач, Ўзбекистоннинг GSP+ тизимида бенефициар мамлакат мақомини олиши юзасидан расмий аризаси ва 27 халқаро конвенция ратификация қилингани тўғрисидаги ҳужжатлар тўплами Европа томонига юборилган.  

Европа Иттифоқининг регламентига асосан расмий ариза қабул қилинган кундан бошлаб, Европа Комиссияси томонидан БМТ ва ХМТ идоралари ва қўмиталарининг тегишли ҳисоботлари таҳлили асосида 6 ой давомида кўриб чиқилади. Европа комиссияси Ўзбекистонга преференциялар бош тизими – GSP+ бўйича бенефициар мамлакат мақомини бериш юзасидан ижобий хулоса қабул қилиб, ушбу мақомни берди. Бу норматив ҳужжат Европа Иттифоқи Комиссияси ва парламенти томонидан республиканинг расмий аризаси ва мамлакатда олиб борилаётган давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти кучли институтларига эга демократик давлатни шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотини кўриб чиқиш натижалари асосида қабул қилинди.  

Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизими GSP+ кучга кирди. Айни пайтгача Арманистон‚ Боливия‚ Кабо-Верде‚ Мўғулистон‚ Қирғизистон, Покистон‚ Филиппин ва Шри-Ланка мамлакатлари мазкур имтиёзлардан фойдаланиб келаётган эди. Ўзбекистон бу тизимдаги 9-мамлакат бўлди. Янгиланаётган Ўзбекистонга бу мақомнинг берилиши ҳам Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар халқаро миқёсда эътироф этилаётганининг амалдаги намунасидир.  

Иккинчидан, бу жараён Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон муносабатларида муҳим босқич бўлиб, томонлар ўртасидаги мулоқот ҳамда савдо алмашинувини янада чуқурлаштиришга имкон беради. Бу дастур мамлакатимизга Европа Иттифоқига кўплаб маҳсулотларни имтиёзли шартларда етказиб бериш имкониятини яратгани билан аҳамиятли бўлди. Чунки, GSP+ дастури ЕИ бозорларига ривожланаётган мамлакатлардан келаётган қишлоқ хўжалиги ва бошқа айрим турдаги маҳсулотлар экспортига берилган имтиёз саналади. Унга аъзо бўлган давлат ЕИ бозорларига 3 мингга яқин маҳсулотни божхона тўловларисиз, 3 минг 200 турдаги маҳсулотини эса пасайтирилган ставкалар бўйича экспорт қилиши мумкин.  

Жорий йилнинг 13 июн куни Президент ҳузурида стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳаларига бағишланган йиғилишда давлатимиз раҳбари Тараққиёт стратегиямизда экспорт ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш бўйича катта маррани белгилаб олганимизни алоҳида таъкидлаб, GSP+ тизими доирасида Европага маҳсулот экспорт қилиш суръатлари ва тўсқинлик қилаётган омилларга эътиборни қаратди. Президентимиз топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги GSP+ тизими доирасида маҳаллий маҳсулотларнинг Европа бозорларига экспортини кенгайтириш бўйича “йўл харитаси” ни ишлаб чиқди.  

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги воҳада 84 та корхонага халқаро стандартлар ҳамда сифат тизимларини жорий этиш тармоқ жадвалини шакллантирди. “Йўл харитаси” ва тармоқ жадвали асосида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Давлат назорат департаменти Сурхондарё бўлими, “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” ДМ Сурхондарё филиали, “Ўзбекистон миллий метрология институти” ДМ Сурхондарё филиали вилоятда маҳсулотларни халқаро стандартлар талаблари асосида ишлаб чиқариш, халқаро стандартларни жорий этиш ва сертификатлаштириш, сифат тизимларини жорий қилиш, ходимлар малакасини ошириш, халқаро талаблар асосида синов лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш ва модернизация қилиш чораларини кўрмоқда. Бу жараёнда вилоятдаги ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи 84 та корхонага яқиндан ёрдам берилиб, шу кунгача 22 та йирик экспортёр корхонанинг Европа Иттифоқи бозорларига экспорт қилишни кенгайтириши учун ЕИнинг талаблари, GSP+ тизимида белгиланган имтиёзлардан самарали фойдаланиш бўйича тегишли қўлланма ва маълумотлар билан таъминлади.  

Кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилди. Маҳсулотларни халқаро стандартлар талаблари асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун корхоналарнинг меъёрий ҳужжатлари ўрганиб чиқилиб, уларда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича Стандартлар институти билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилди. Олтита йирик экспортёр корхона ҳужжатлари OEKO-TEX, GLOBAL GAP, ISO 9001, ISO 22000 халқаро стандартларини жорий этиш ва сертификатлаштириш учун Экспортни рағбатлантириш агентлигига тақдим этилди. Йил якунигача стандартлаштириш соҳасида 84 корхонада хизмат қилаётган 243 нафар ходим ва мутахассиснинг малакасини ошириш режалаштириб олинди. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар маҳсулотларни Европа талаблари асосида ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш самарадорлигини ошириб, жанубдаги воҳанинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.  

Ҳусниддин Эшқараев,  

Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг техник жиҳатдан 

тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва

метрология соҳасида давлат назорати департаменти Сурхондарё бўлими бош мутахассиси.  

ЎзА