Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёлик сувчиларга “Оних” енгил машиналари топширилди (+видео)
16:16 / 2025-11-24

“Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамиятининг Термиз шаҳри ва икки тумани бўлимига хизмат чоғида фойдаланиш учун янги енгил машиналар топширилди.

Тадбирда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти масъул ходими Аслиддин Эргашев, “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти директори Ўктам Абдулқосимов мамлакатимизда сув таъминоти тизимини модернизация қилиб, соҳа ходимларига барча шароит яратиб берилаётгани, меҳнати қадрланаётгани ва бу эътибор аҳолига сифатли оби-ҳаёт етказиб беришда муҳим омил бўлаётгани ҳақида сўз юритди. 

Хусусан, жанубдаги вилоятда 2017 йил марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 47,1 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда 67 фоизга етди. Айни пайтда иккинчи босқичи бунёд этилаётган “Тўпаланг-Термиз” мега лойиҳаси 1 миллион 700 минг истеъмолчига барқарор ичимлик суви етказиб беради. Шунингдек, “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамиятининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий техника ва транспорт воситалари билан таъминланмоқда. Воҳа марказидаги “Шимолий дарвоза” сув ишлаб чиқариш ва тарқатиш иншоотида бўлиб ўтган тадбирда Термиз шаҳри ва Денов, Шеробод тумани бўлими бошлиқлари хизмат машиналарини қабул қилиб олди. 

– Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва уларга оқова сув хизматини кўрсатишда Президентимиз ташаббуси билан жуда кўп самарали ишлар бажарилаётир, – дейди “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти Шеробод тумани бўлими бошлиғи Комил Эшонқулов. – Ва хизматлар кўрсатишда бизга катта ишонч билдирилмоқда. Мақсадимиз ҳам яхши хизмат кўрсатиб, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув хизматларини кўрсатишни яхшилаш, аҳолининг яхши яшаши учун уларга қулай имконият яратишдан иборат. Биз ўтган йилларда махсус техникалар, хизмат машиналари ва бошқа техникалардан фойдаланишда оғир аҳволда эдик. Бугунги кунда энг замонавий махсус техникалар, хизмат машиналари берилмоқда. Барча шароит яратиб бериляпти. Бунинг учун раҳбарлардан миннатдормиз. 

Фидойи сувчилар эндиликда бу автомашиналардан ичимлик суви таъминоти тизимидаги хизмат кўрсатиш жараёнини тезкор ва самарали ташкил этишда фойдаланади. Қишнинг совуқ кунлари ва ёз жазирамасида дуч келадиган муаммоларга чек қўйилади. Иш даврида оғири енгил, мушкуллари осон бўлади.

Шу куни “Шимолий дарвоза” сув ишлаб чиқариш ва тарқатиш иншоотида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йирик ҳажмдаги кўкаламзорлаштириш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бўш ер майдони текисланиб, ҳудудга 500 туп арча кўчати ўтқазилди.

– Иншоотимиз 22 гектар майдонда жойлашган, – дейди Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик Термиз шаҳар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Чориев. – Иншоотдан 9 та маҳалладаги 60 мингга яқин хўжалик сув истеъмол қилади. Мавжуд 22 гектар еримизнинг ўн гектарига қуёш панеллари ўрнатилган. Бугун бўш турган майдонга беш юз дона арча кўчати ўтқазяпмиз. Мақсадимиз яшил ҳудудларни кўпайтириб, экологияни тоза сақлашга қаратилган. 

Тадбир якунида мутасаддилар кўкаламзорлаштириш ишларини давом эттириб, яшил бойликларни ўз вақтида суғориб, парваришлаш, замонавий қуёш панелларидан оқилона фойдаланиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди. 

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Dn90f1MY9kc" title="Surxondaryolik suvchilarga “Onix” yengil mashinalari topshirildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири