Мамлакатимизда спортнинг оммавийлигини таъминлаш, спортчилар учун қулай шароитлар яратиш ва уларнинг нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дунёга мамлакатимиз довруғини кенг тараннум этаётган спортчилар ва уларнинг мураббийлари муносиб рағбатлантирилаётир.
Вилоят спортчилари 2024 йил Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига ҳар томонлама пухта тайёрланиб, муваффақиятли иштирок этишга ҳозирлик кўришни бошлашди. Президентимизнинг жорий йил 5 ноябрдаги «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида» ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Шунга мувофиқ, вилоятда спорт таълими тизими тубдан такомиллаштириб, рақамлаштириш, Олимпия ва Паралимпия дастурларига киритилган спорт турлари бўйича юқори натижадор ва олимпия спортчилар захирасини яратиш, лицензиялар сонини сезиларли даражада кўпайтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Спорт менежменти такомиллаштирилиб, ҳар бир бўғин аудитдан ўтказилмоқда ва халқаро стандартларга мувофиқлаштирилаётир. Спорт фармакологияси, психологияси, тиббиёти, диетологиясини чуқур таҳлил қилиш ва ўрганиш, улар натижасида илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш чоралари кўрилмоқда. Гендер тенгликни таъминлаш учун Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этишга талабгорлар орасида аёл спортчилар улушини ошириш, спорт базалари ва иншоотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий стандартларга жавоб берадиган янги спорт объектларини барпо этиш, улардан мақсадли ва самарали фойдаланишга аҳамият берилмоқда. Албатта, бу жараёнда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ҳам Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилда Токиода бўлиб ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида вилоятдан спортнинг учта тури бўйича 8 нафар ёшлар иштирок этиб, иккита олтин медални қўлга киритди. Ваҳоланки, спортчиларимиз бундан ҳам кўпроқ ютуқларга эришиши мумкин эди. Бу ўтган йилларда Олимпия ва Паралимпия дастурларига киритилган спорт турлари бўйича юқори натижадор ва олимпия спортчилар захирасини яратишга бугунгидек эътибор қаратилмаганинг таъсиридир, десак ўрин бўлади. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 ноябрдаги «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида» ги қарори бу борадаги ишларимизни қайта кўриб чиқиб, сайёрамизнинг энг кучли спортчилари беллашадиган мазкур тадбирга барвақт тайёргарлик кўришни бошладик. Бунинг учун вилоятда ўнга яқин спорт тури бўйича жаҳон ва халқаро мусобақаларда спортнинг бокс, эркин кураш, таэквондо WT, енгил атлетика, дзю-до, камондан отиш, ўқ отиш, паратаэквондо, пара дзю-до, пара паурлифтинг сингари турларида совринли ўринни эгаллаган 36 нафар спортчи саралаб олинди. Уларнинг 12 нафари хотин-қизлардир.
Жаҳоннинг энг катта спорт байрамига ҳозирлик кўраётганлар сафида 2019 йил Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказилган АИБА 20-Жаҳон чемпионати олтин медали совриндори, 2021 йил Токиода бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби, енгилмас боксёр сариосиёлик Баҳодир Жалолов, ана шу мусобақанинг яна бир олтин медали соҳиби, 2021 йил Токиода ўтказилган ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси деновлик Санжар Турсунов, 2020 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро турнирда олтин медални қўлга киритган Термизлик Шаҳзод Маузеров, шу йил Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган МДҲ давлатлари ёшлари ўртасидаги мусобақада кумуш медалига эгалик қилган шўрчилик Мухлиса Тоҳирова каби кучли йигит-қизларимиз бор.
Жарқўрғонлик Намоз Абдурашидов, Отабек Саломов, сариосиёлик Шоҳруҳ Давлатов, шўрчилик Динара Тоғаева, Қумқўрғонлик Ҳикматулла Тўраев, Термиз шаҳрилик Ситора Ҳамидова сингари турли Жаҳон беллашувлари ва халқаро турнирларда тобланган шижоатли даъвогарларимиз эркин кураш, таэквондо WT, дзю-до, енгил атлетика бўйича машғулотларни ўтамоқда. Шунингдек, спортнинг вилоятда оммалашаётган камондан отиш, ўқ отиш, паратаэквондо, пара дзю-до, пара паурлифтинг каби турлари бўйича ҳам энг моҳир спортчи ёшларимиз бўлажак Олимпия ўйинларига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Уларнинг ҳар бирига етарли малака ва бой тажрибага эга мутахассислар бириктирилиб, машғулотлар сифати ва самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дунёнинг энг кучли спортчиларини Парижда учраштирадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига номдор спортчиларимизнинг алоҳида тайёргарлик кўриши ва беллашувларда мамлакатимиз шарафини мустаҳкам ҳимоя қилиб, Янги Ўзбекистон байроғини баланд кўтариши, Ватанимизни дунёга кенг тараннум этиши учун барча шароит яратилган.
Жўрабек ТЎРАЕВ,
Сурхондарё вилояти ҳокимининг туризм, спорт,маданият,
маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари
бўйича ўринбосари