Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёлик қурувчи бунёдкорлар шарафланди
15:46 / 2023-08-13

Термиз шаҳрида қурилиш соҳаси ходимларининг касб байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2017 йил 7 августдаги “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида” ги фармони билан мамлакатимизда ҳар йили август ойининг иккинчи якшанбаси қурувчилар куни сифатида кенг нишонланмоқда. 

Шунга мувофиқ ўтказилган тадбирда Янгиланаётган Сурхондарёнинг янги қиёфасини барпо этишда фидойилик кўрсатаёган моҳир қурувчи ва муҳандислар, уста ва меъморлар, лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар вакиллари иштирок этди. 

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 2 мингдан зиёд объектда 2 триллион 471 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилди.

Инвестиция дастури доирасида 35 та мактаб, 21 та мактабгача таълим ташкилоти ва 3 та олий таълим муассасаси янгидан қурилмоқда, реконструкция қилинмоқда. 300 ўринга мўлжалланган тиббиёт кластери бунёд этишда қурилиш ишлари жадаллик билан амалга оширилаётир. Президентимизнинг вилоятга ташрифи чоғида белгилаб берган топшириқлари ижроси доирасида 61 та мактабгача ва мактаб таълими ҳамда соғлиқни сақлаш объектида таъмирлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда. 

Бу йил вилоятда ичимлик ва оқова сув таъминоти тизимини яхшилаш учун 704 километр тармоқ ҳамда 97 та иншоот ишга туширилади. Ҳозиргача 95 та сув иншооти ва 500 километрдан ортиқ сув тармоғи фойдаланишга топширилди. Шунингдек, маҳалла ва қишлоқларда турли ижтимоий соҳа обьектлари, хизмат кўрсатиш нуқталари барпо этилиб, ишга туширилмоқда.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов воҳа қурувчиларини касб байрами билан табриклаб, уларнинг шарафли ва айни пайтда машаққатли ишларига муваффақият тилади.

–Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жанубдаги вилоят улкан бунёдкорлик майдонига айланди, – деди вилоят раҳбари.– Жойларда амалга оширилаётган бу ишлар воҳа ободлиги, халқимиз фаровонлиги ва инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилмоқда. “Тўпаланг” сув омборидан Термиз шаҳри ва 11 та туманнинг 1 миллион 700 минг аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлайдиган мега лойиҳа шунингдек, ҳудудларда барпо этилаётган замонавий кўп қаватли уй-жойлар ҳам бунга яққол далилдир. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилаётгани халқимизнинг асрий орзуларини руёбга чиқараётган бўлса, янги турар-жойлар уй-жойга муҳтож ва ёш оилаларнинг бахтли турмуш кечириши ва одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашида муҳим омил бўлаётир. Айни пайтда вилоятда қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида қурувчиларимиз 5 минг 90 хонадондан иборат 145 та, тадбиркорлик субьектлари 5 минг 956 хонадонли 101 та кўп қаватли уй-жой бунёд этмоқда. 

Тадбир доирасида тўкин дастурхон ёзилиб, санъат усталарининг қизиқарли концерт дастури намойиш этилди. Қурилиш соҳасининг бир гуруҳ вакиллари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА