Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёлик пахтакорлар зафар қучди
22:16 / 2023-10-01

Сурхондарё вилояти пахтакорлари мамлакатимизда биринчи бўлиб, жорий йилги пахта топшириш шартномавий режасини ортиғи билан бажарди. Қабул пунктларига 268 минг тоннадан зиёд хом ашё топширилди.

Шу муносабат билан бугун Термиз туманидаги “Ал-Ҳаким Ат-Термизий” мажмуасида бўлиб ўтган тантанали тадбирда воҳанинг сектор раҳбарлари, илғор кластер, фермер хўжаликлари, соҳа фидойилари ва фахрийлари иштирок этди.

Жорий йил вилоятда 12 та пахтачилик–тўқимачилик кластери ва икки минг 96 фермер хўжалиги 72 минг 270 гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос, эртапишар “Бухоро-102”, “Бухоро-108”, “Бухоро-110”, “Наманган-77”, “Султон” каби эртапишар ва “Термиз-202”, “СП-1607”, “СТ-1651” сингари ингичка толали ғўза навларини парваришлади.

Пахтачилик учун об–ҳаво ноқулай келган ва сув тақчиллиги кузатилган йилда деҳқонларнинг омилкорлик билан қилган меҳнати эвазига мўл ҳосил тўпланди. Пахта йиғим–теримини уюшқоқлик билан амалга ошириш учун 1 минг 529 та отряд тузилиб, 167 минг нафардан зиёд теримчи, 1 минг 180 та трактор ва 1 минг 983 та тиркама жалб этилди. Шартномавий режа 30 кунда ортиғи билан уддаланди. Ҳосилнинг асосий қисми юқори навларга сотилди.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, пахта режасини бажаришга муносиб улуш қўшган кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, мутасаддилар, механизатор, сувчи ва теримчиларга чуқур миннатдорлик билдирди.  

–Бу ютуққа ўз-ўзидан эришилгани йўқ,–деди вилоят раҳбари.– Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва пахтачиликда кластер тизими яратилгани, ерга, деҳқончиликка муносабат тубдан ўзгариб, соҳанинг сердаромад тармоққа айлангани ютуқлар омили бўлди. Бунга шу йилгача вилоят пахтакорлари бирон марта шартномавий режани ўттиз кунда бажармагани ҳам яққол далилдир. Айниқса, Олтинсой, Термиз, Қизириқ каби туманларда йиллик шартномавий режа биринчи теримдаёқ бажарилгани эътиборга сазовордир.

Тадбирда илғор секторлар, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, шунингдек, йиғим-терим мавсумида фаол иштирок этган мутасаддиларга  вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.Ўзининг тажрибаси билан ҳосилнинг салмоқли бўлиши ва эрта пишиб етилишида қимматли маслаҳатларини аямаган бир гуруҳ соҳа фахрийлари муносиб рағбатлантирилди.  

Вилоятда пахта йиғим–терими қизғин давом этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов,  

ЎзА мухбири.