Термиз давлат университетининг докторант, магистр ва талабларидан иборат делегацияси Озарбайжон Республикасининг таълим тизими билан танишмоқда. Олимлар ва талаба-ёшлар билан учрашувлар ўтказиб, ўзаро тажриба алмашилмоқда.
Термиз давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, гуруҳ раҳбари Обид Шофиевнинг Озарбайжон Республикасидан ЎзАга хабар беришича, делегация аъзолари дастлаб Озарбайжон давлат педагогика университети фаолияти билан танишган. Университет ҳаёти ва бу ерда талаба-ёшларга яратилган шароитлар ўрганилди. Келажакда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан келишув имзоланди.
Боку давлат университетида бўлиб ўтган учрашув ҳам ўзбекистонлик ва озарбайжонлик таълим фидойилари ҳамда талабаларда катта таассурот қолдирди. Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси қошида фаолият юритаётган Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази кўмагида ташкил этилган сафар доирасида ўтказилган учрашувда мамлакатларимиз халқларини кўп асрлик адабий, маданий, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ришталар мустаҳкам боғлаб тургани алоҳида таъкидланди. Кейинги йилларда давлатларимизнинг бу алоқалари янада ривожланиб, янги босқичда давом этаётгани қайд этилди.
Тили, миллий қадрият ва маданияти бир-бирига яқин, дини бир озар ва ўзбек халқларининг ўзаро қардошлик, ҳамкорлик алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Жумладан, Низомий Ганжавий асарлари ўрта асрлардан бошлаб ўзбек тилига таржима қилинган. XIV асрнинг биринчи ярмида Қутбиддин Хоразмий озар адибининг “Хисрав ва Ширин” асарини ўзбек тилига ўгирган бўлса, Низомийнинг беш достонидан илҳомланган буюк мутафаккир Алишер Навоий ўзининг “Хамса” асарини яратди. Ҳайдар Хоразмий XV асрда Низомийнинг “Махзай ул асрор” асарини, XIX асрда эса Огаҳий унинг “Ҳафт пайкар” асарини ўзбек тилига таржима қилган. Халқларимизнинг адабий ришталарини боғлаган бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Шунингдек, мамлакатларимизнинг маданий алоқалари ҳам қадимдан ўзаро ҳамкорликда ривожланиб келган. Мусиқа санъатимизнинг нодир намуналари бўлган мақом ва муғом санъати ўтмишдан икки дўст халқни бирлаштиришда муҳим ўрин тутган.
Озар фарзанди Мақсуд Шайхзода ҳам ўзбек тилидаги бой адабий мероси билан адабиётимиз ва миллий маданиятимизга муносиб ҳисса қўшган. Беназир ижодкорнинг “Мирзо Улуғбек” достони, “Жалолиддин Мангуберди” драмаси ва бошқа асарлари ўзбек адабиёти олтин фондининг нодир дурдоналари сафидан ўрин олган.
Ўтган йили Термиз давлат университетида Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Маданият масалалари қўмитасининг бевосита кўмаги билан Озарбайжон шоираси Хуршидбону Нотавон маркази очилгани ҳам икки давлат адабий алоқаларининг янада ривожланиб бораётганига яққол мисолдир. Айни пайтда мазкур марказ ёшларни халқларимизнинг энг нодир, энг ноёб адабий-бадиий асарлари билан яқиндан таништиришга хизмат қилмоқда. Бундай қардошлик алоқаларини бугунги ижодкорлар ўртасида кенг йўлга қўйиш учун университетда Озарбайжон – Ўзбекистон адабий-бадиий дўстлик кенгаши ташкил этилди.
Давлатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларнинг йилдан-йилга янада юксалиб бораётгани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
–Делегация таркибида Озарбайжонга келганимдан беҳад мамнунман, – дейди Термиз давлат университети талабаси Сабина Исмоилова. – Озар тенгдошларимиз бизни жуда илиқ кутиб олишди. Айниқса, Боку давлат университети ва унинг филиали, Боку давлат педагогика университети ҳамда Илмлар академияси менда катта таассурот қолдирди. Дўст мамлакатнинг таълим тизими, профессор ўқитувчилари ва талабалари билан яқиндан танишмоқдамиз. Озарбайжон ёшларининг ҳам билимга чанқоқлиги, изланувчан ва самимийлиги бизга жуда ёқди. Ҳамкорликда адабий-бадиий кечалар, ўзбек ва озарбайжон адабиёт намояндаларининг китоблар кўргазмаси ўтказилмоқда. Келгусида илмий, адабий ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш, давлатларимизнинг таълим тизимидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, талабалар алмашинуви бўйича келишувларга эришилмоқда.
Сурхондарёлик илм-фан фидойилари ва талабаларнинг Озарбайжон республикасидаги сафари давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири