Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёлик олимлар Малайзияда
10:41 / 2023-05-26

Термиз давлат университети ректори, профессор А.Мараҳимов бошчилигидаги делегация аъзолари Малайзиянинг Перлис университети (УниМАП)да бўлиб, нуфузли олий таълим муассасаси билан яқиндан танишмоқда.

Термиз давлат университетида таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнларини тамомила янги босқичга кўтариш, Янги Ўзбекистон нуфузини дунёга танитадиган салоҳиятли кадрлар тайёрлаш мақсадида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда.  

Перлис университети проректори, профессор Залиман Саули билан учрашув чоғида иккита олий таълим муассасаси ўртасида профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви дастурлари, илмий инновацион йўналишларда нуфузли анжуманлар ташкил этиш муҳокама этилди. Илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, магистрант ва таянч докторантларнинг илмий ишларига ҳамкор хорижий олий таълим муассасаларидаги етакчи олим ва профессорларни жалб этиш каби қатор муҳим масалаларда ўзаро келишувга эришилди.

– Перлис университетида 10 минг 662 нафар талаба ўқийди. Уларнинг 531 нафари хорижлик йигит-қизлардир, – дейди Термиз давлат университети ректори А.Мараҳимов. – У ахборот технологиялари ва электрон муҳандислик соҳасига йўналтирилган бўлиб, энг замонавий (Clean роом лабораториес) лабораторияларига эга. Жаҳон университетлари топ 1000 талиги рейтингида 801-ўринни эгаллаган. Энг яхши Осиё университетлари орасида 150 ўринда туради. Мазкур олий таълим муассасаси билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, тажриба алмашиш университетимизни дунёнинг энг ривожланган олий таълим муассасалари “Топ-1000” рўйхатига киритиш йўлида олиб бораётган изланишларимизнинг узвий давомидир. Зеро, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйилаётган ҳозирги пайтда Ватанимиз нуфузини дунёга танитадиган етук кадрлар тайёрлаш долзарб вазифаларимиздан бири ҳисобланади.  

Айни кунларда Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари малайзиялик талабалар учун дастлабки ўқув-семинар машғулотларини ҳам ўтказмоқда. Жумладан, университет ректори, профессор А.Мараҳимов сунъий интеллект истиқболлари ва унинг ривожланиш тенденциялари ҳақида маъруза қилди. Амалий математика ва информатика кафедраси мудири, профессор Чори Нормуродовнинг "Навйе-Стокс тенгламаларини уюрма-ток функцияси тизимида сонли моделлаштириш" мавзусидаги маърузаси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.  

Ўқув-семинарда Термиз давлат университети алгебра ва геометрия кафедраси профессори Исмоил Аллаков “Туб сонлар қатнашган аддитив масалалар” мавзуидаги маърузаси билан иштирок этди.  

Сафар доирасида Термиз давлат университети ректори А.Мараҳимов Сурхондарё вилоятидаги энг йирик олий таълим муассасаси фаолияти, кейинги йилларда таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилаётган эътибор, юз бераётган янгиликлар, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ҳамда эришилаётган ютуқларга доир тақдимотларни ўтказмоқда.

Холмўмин Маматрайимов,  

ЎзА мухбири