Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёлик ички ишлар органлари ходимлари истиқлолни мадҳ этди
22:47 / 2022-09-04

Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти ички ишлар органлари ходимлари “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрамини кенг нишонлади.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Т.Боболов тинчлигимиз посбонларини энг улуғ, энг азиз байрамимиз билан самимий муборокбод этиб, юрт осайиштали ва халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган марданавор хизматлари ҳақида атрофлча фикр юритди. 

 

Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўп миллатли халқимизнинг осуда, тўкин ҳаётини таъминлаб, Янги Ўзбекистонни бунёд этишга хизмат қилмоқда. Жумладан, вилоятда жорий йилнинг етти ойида олиб борилган профилактик ишлар натижасида маҳаллаларнинг 53 фоизида жиноят содир этилмади. Қайд этилган 2 минг 514 жиноятнинг 1 минг 50 таси ёки 41,3 фоизи ички ишлар ходимлари ташаббуси билан аниқланиб, жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди. 

Жиноятчиликнинг барвақт олдини олишда кейинги йилларда ички ишлар органлари ходимларининг қадри улуғланиб, ижтимоий ҳимояси кучайтирилаётгани, сифатли, тезкор хизмат олиб бориши учун замонавий шароитлар яратилгани ва маҳаллаларда профилактика инспекторларининг енгил автомашина ҳамда хизмат уйи билан таъминлангани ҳам муҳим омил бўлаётир.

Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А.Исмоилов иштирокчиларга Ички ишлар вазирининг байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Вилоят ҳокими Жарқўрғон тумани ички ишлар бўлимига “Дамас” автомашинасининг калитини топширди. Бир гуруҳ энг фаол ходимлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғаларига, Ички ишлар вазирининг мукофотлари ва вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг эсдалик совғаларига сазовар бўлди. Махсус унвонлар топширилди.

“Энг яхши ички ишлар органи бошлиғи”,. “Энг яхши тезкор ходим”, “Энг яхши терговчи”, “Энг яхши профилактика инспектори” каби номинациялар ғолиблари ҳам муносиб рағбатлантирилди. 

Байрам санъат усталарининг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.

 Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА