Мактабларда ўқув йили тугаб, болажонлар учун дам олиш кунлари бошланди. Сурхондарё вилоятида ҳам ўқувчиларнинг дам олиш кунларини мазмунли, мароқли ўтказиши учун ташкилот, корхона ва муассасалар болаларни ёзги оромгоҳларга кузатмоқда.
"Ҳудудгаз Сурхондарё" газ таъминоти филиали раҳбарияти ва бошланғич касаба уюшмаси газ таъминоти филиали ва газ таъминоти бўлимларида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг 70 нафар фарзандини соғломлаштириш учун Тошкент вилоятининг хушманзара Бўстонлиқ туманидаги "Зангори олов" болалар оромгоҳига кузатган эди.
Болажонлар сўлим ва салқин оромгоҳга жойлашиб, мазмунли ҳордиқ чиқаришни бошлади. Бу гўшада уларнинг дам олиш кунларини сермазмун, завқли ўтказиши учун барча шароит яратилган. Турли тўгараклар фаолият юритади. Маънавий камолотини юксалтириш, соғлом дунёқарашни шакллантириш учун қизиқарли тадбирлар ташкил этилади.
Газчиларнинг фарзандлари мамлакатимиз ҳудудларидан борган тенгдошлари билан мулоқот қилиб, ўзаро фикр алмашади, янги дўстлар орттиради. Билим ва кўникмасини оширади. Санъат, спорт ва бошқа тўгаракларда ўз қобилиятларини кенг намоён этади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири