Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёлик божхоначилар қаҳрамон ҳамкасбини ёд этди
15:08 / 2026-01-14

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан Сурхондарё вилоятида божхона фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган божхона ходимлари хотираси ёд этилмоқда.

Сана муносабати билан Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари тизимда садоқат билан хизмат қилиб, мамлакатимиз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида жон фидо этган марҳум Ботир Давлатовни хотирлаб, унинг оила аъзолари ҳолидан хабар олди.

Шеробод туманидаги Пошхурт қишлоғида улғайган Ватаннинг мард, ботир ўғлони Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий бурчини шараф билан ўтаб қайтгач, 23 ёшида божхона тизимида хизматни бошлади. 

Ботир Давлатов болаликдан исмига мос жасурлиги, ўткир зеҳни ва атрофидагиларга меҳрибонлиги билан бошқа тенгдошларига ўрнак бўлди. У хизмат бурчини қўшни Тожикистон Республикаси билан чегара ҳудуддаги “Оқтош” божхона постида кичик инспектор лавозимида бошлади. Кейинчалик вилоятнинг бошқа божхона масканларида ҳам хизмат қилди. Тақдирнинг тақозосини қарангки, у хизмат бурчини яна “Оқтош” божхона постида давом эттираётганида 1998 йил 17 февраль куни ғараз ниятли жиноятчилар уюштирган ҳужумда вафот этди.

Ботир Давлатов қисқа, аммо сермазмун ҳаёти давомида уни таниган юртдошлари ва ҳамкасблари қалбида ўчмас из қолдирди. Президентимизнинг 1998 йил 27 августдаги фармони билан миллий хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, жамоат тартибини муҳофаза қилиш ҳамда ҳарбий бурчини бажариш вақтида жасурлик ва матонат кўрсатгани учун вафотидан сўнг “Жасорат” медали билан мукофотланди. “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 10 йил” эсдалик ва “Ўзбекистон Қуролли Кучларига 25 йил” кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Шеробод туманидаги кўчаларнинг бирига Ботир Давлатов номи берилди. У таълим-тарбия олган 33-мактаб ҳовлисига унинг хотирасига бағишлаб, монумент ўрнатилди.

Тадбир иштирокчилари шу куни  Ботир Давлатов таълим олган мактаб ўқувчилари билан “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида учрашув ўтказди.  Мактаб ҳовлисида ўрнатилган монумент пойига гуллар қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири