Сурхондарё вилояти йирик сармояларни жалб этиш эвазига йилдан-йилга ривожланиб, юксалишга юз тутмоқда. Жумладан, ҳудудий инвестиция дастури доирасида кейинги саккиз йилда воҳага 4,3 миллиард доллар қийматидаги 7 минг 454 та лойиҳа ишга туширилиб, 101 минг янги иш ўрни яратилди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди. Унда таъкидланишича, биргина жорий йил учун белгиланган ҳудудий инвестиция дастурига мувофиқ 740 миллион долларлик 519 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Йилнинг ўтган саккиз ойида қиймати 375 миллион долларга тенг 376 та лойиҳа ишга туширилиб, 9 мингдан ортиқ янги иш ўрни барпо этилди.

Бу рақамлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганида саноатда 194 миллион доллар қийматидаги 163 лойиҳа 3 минг 610 кишининг бандлигини таъминлади. Хизматлар кўрсатишда 147 миллион долларлик 169 та лойиҳа ишга туширилиб, уларда 3 минг 244 та иш ўрни барпо этилди. Қишлоқ хўжалигида икки минг 226 иш ўрни яратилган 44 лойиҳага 34 миллион доллар инвестиция киритилди.
Айни пайтда Термиз туманида базальт хом ашёсидан минерал вата ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. “Сурхон Сендвич” масъулияти чекланган жамияти бунёд этаётган йирик лойиҳа учун 20 миллион доллар маблағ сарфланиб, 300 кишининг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
Маълумотларга кўра, йил якунигача вилоятда яна қиймати 545 миллион долларлик 241 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириб, қўшимча 8 минг 800 иш ўрни ташкил этиш мўлжалланмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири