English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёдаги таълим муассасалари қишда танқид нишонига айланмайдими?
10:31 / 2025-10-21

Фасллар алмашиб, яна совуқ кунлар яқинлашмоқда. Кузатувчи-мутахассисларнинг айтишича, табиат аллақачон минтақамиздаги баланд тоғ чўққиларини оппоқ қор билан сийлаб, қиш эшик қоқаётганидан огоҳлантирди. Синоптиклар ҳам мамлакатимизга қишга хос гоҳ салқин, гоҳо совуқ иқлим кириб келишини қайд этиб, қишли-қировли фасл яқинлигини эслатаётир.

Шу кунларда Сурхондарё тарафларда теварак-атрофни кузатсангиз, дарахтлар тепадан барг тўкаётганига, турналар эрта ва пастлаб учиб ўтаётганига кўзингиз тушади. Табиатни кузатувчи кексаларнинг фикрича, бу ҳодисалар ҳам қишнинг қаттиқроқ келишидан, “Қиш ўчоғи тор, тур, уйингга бор”, деган мақол ҳазиломуз оҳангда тез-тез айтиладиган фасл бошланишидан дарак берармиш.

Синоптиклар хабар, табиат дарак бераётган совуқ кунларда Сурхондарё вилоятида келажагимиз эгалари бўлмиш ўғил-қизларнинг таълим-тарбия олиши учун қандай ҳозирлик кўрилмоқда? Изғиринли қиш фасли учун етарли ёқилғи жамғарилдими? Иситиш тизимлари мавсумга тайёрми?

Сурхондарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, воҳада 971 та умумтаълим, битта Президент, 17 та ихтисослаштирилган ва 15 та баркамол авлод мактаби, 491 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд. Айни пайтда бу таълим муассасалари бизнинг ўқувчилик давримиздаги каби қўлбола усулда ўтин билан эмас балки марказлашган ҳолда иситилади. Жумладан, уларнинг 66 таси табиий газ тармоғига уланган. 1 минг 429 таси марказлашган кўмир ёқилғиси билан исийди. Шу йилнинг ўзида вилоятдаги 30 мактаб ва 19 та мактабгача таълим ташкилоти жорий таъмирланиб, иситиш тизими янада яхшиланди.

Бўлғуси куз-қиш мавсуми учун вилоятдаги 974 та мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида 28 минг 833 тонна кўмир захираси яратилди. Шунингдек, иссиқлик тизими давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорларга берилган 305 та мактаб ва 154 та мактабгача таълим муассасасига белгиланган 19 минг 167 тонна кўмир ёқилғиси жамғарилди. 

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотларига назар ташласангиз, яқинлашаётган қиш фаслида мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида иситиш билан боғлиқ муаммолар юз бермаслигига, ижтимоий тармоқларда таълим муассасалари танқидий фикрлар нишонига айланмаслигига ишонч пайдо бўлади. Айни пайтда туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам ижтимоий соҳа объектлари, шу жумладан, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш жараёнларини ўрганиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўраётгани кишида хотиржамлик уйғотади. 

Ангор тумани ўқувчилари 47 та умумтаълим мактабида таълим олмоқда. Жажжи болажонлар эса 26 та давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланиб, камолга етаётир. Туманда давлат мактабгача таълим ташкилотларининг барқарор исишини таъминлаш учун 542,3 тонна мактабларга қарийб 2 минг 85 тонна кўмир захирасини яратиш режалаштирилган.

Туман ҳокими Қосим Мардонов ҳудудларда бўлганида таълим-тарбия муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларини кўздан кечирмоқда. Бу ишга мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, мактаб директорлари ва мактабгача таълим ташкилотлари мудирлари билан учрашувлар ташкил этиб, аниқланаётган камчиликларни тузатиш бўйича аниқ топшириқлар бермоқда. Иситиш тизимларининг сифатли таъмирланиши, ёқилғи захирасининг шакллантирилиши ва электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратаётир.

Бандихон туманида куз-қиш мавсумида ижтимоий соҳа объектларининг барқарор ишлашини таъминлаш, мавсумни беталафот ўтказиш учун узлуксиз фаолият юритадиган штаб ташкил этилди. Мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиш, уларни бартараф этиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилди. Семинар ташкил этилиб, барча ижтимоий соҳа иншоотлари, айниқса, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларини қишли-қировли кунларга тайёрлаш масалалари муҳокама этилди. Мавсумни беталафот ўтказиш учун зарур воситалар топширилиб, ўрганишлар чоғида аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чоралари белгиланди.

Музработ туманидаги 58 та умумтаълим мактаби ва 23 та давлат мактабгача таълим ташкилотида иситиш тизимлари синовдан ўтказилиб, ҳолати, хоналардаги ҳарорат ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Туман ҳокими Абдулла Маматқулов аниқланган камчиликларни тузатиш, мавсумда ўғил-қизлар учун барча шароитларни яратиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди. 

Вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам таълим муассасаларини куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари сўнгги босқичда давом этмоқда. Бу жараёнда ўқувчи ва тарбияланувчиларнинг соғлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлаш, таълим-тарбия муассасаларида иситиш ускуналарининг техник созлиги, узлуксиз электр энергияси таъминоти, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши ва иссиқликни сақлаш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоятда бўлғуси изғиринли совуқ кунларда ўқувчи ва болажонларнинг барча шароитларга эга иссиқ муассасаларда таълим-тарбия олиши учун яратилаётган бундай шароитлар ҳам мамлакатимизда ёш авлодга кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг амалдаги ифодасидир.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири