Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёдаги иккита чегара-божхона постида шароит янада яхшиланади
17:43 / 2025-12-11

Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги “Айритом” чегара-божхона пости тубдан қайта таъмирланиб, ҳаракатланаётган транспорт воситалари ва йўловчилар учун янада қулай шароит яратилади.

Термиз туманининг қўшни давлат чегарасида барпо этилган “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси Афғонистон ва Жанубий Осиё давлатлари билан савдо-сотиқда муҳим логистик ҳаб сифатида ривожланиб, чегара-божхона пости орқали транспорт воситалари ва йўловчилар ҳаракатини йил сайин кўпайтирмоқда. 

Маълумотларга кўра, шу йилнинг 11 ойида “Айритом” чегара-божхона пости орқали бир миллиондан ортиқ киши ҳаракатланиб, бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 330 фоизга ошган. Транспорт воситалари ҳаракати 247 минг 400 тага етиб, ўтган йилга нисбатан 56 фоизга ўсган.

Чегара-божхона пости бир йўла поезд, автотранспорт ва фуқароларга хизмат кўрсатади. Бу ерда ҳаракатнинг йил сайин ошиб бораётгани ўтказувчанликни тезлаштириш ва фойдаланувчиларга кўпроқ қулайлик яратишни тақозо этмоқда. 

Бугун старт берилган “Айритом”ни қайта реконструкция қилиш лойиҳаси бу масалани тўлиқ ҳал этади. 

Шу муносабат билан чегара-божхона постида бўлиб ўтган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, реконструкция доирасида амалга ошириладиган ишлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги “Боботоғ” божхона пунктининг янги қурилиши бўйича тайёрланган лойиҳа тақдимоти ўтказилиб, божхона бошқармаси мутасаддиларининг ахборотлари тингланди. Вилоят раҳбари иккала лойиҳани ҳам энг замонавий технологиялар асосида юқори сифатли ва белгиланган муддатларда амалга ошириш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири